Олимжон Ҳикматов: "Асосий вазифа - Осиё ўйинларига кучли таркиб билан бориш!"
Эртага Туркиянинг Истанбул шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича рейтинг турнири бошланади. Ушбу мусобақанинг ҳар учала йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам асосий таркибда иштирок этади. Бугун юнон-рум ва аёллар кураши терма жамоамиз Туркияга жўнаб кетган бўлса, эртага эркин курашчиларимиз ҳам Истанбулга йўл оладилар. Олимжон Ҳикматов мураббийлигидаги эркин курашчиларимиз Тошкент вилоятининг Дукент шаҳарчасидаги "Янгиобод" спорт мажмуасида бўлажак турнирга сўнгги тайёргарлик машғулот йиғинини ўтказишди. Эътиборингизга Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизмати томонидан мусобақа олдидан ушбу мураббий билан ташкил этилган суҳбатни ҳавола қиламиз:
- Олимжон ака, Истанбулдаги рейтинг турнирига тайёргарликдан кўнглингиз тўлдими?
- Дукентда ташкил этилган икки ҳафталик ўқув-машғулот йиғинимиз кўнгилдагидек ўтди дея оламан. Аввалдан белгилаб олинган режамиз бўйича кунига икки маҳалдан машғулотларни ўтказдик. Ўқув-машғулот йиғинида кенгайтирилган таркибдаги курашчиларимиз иштирок этди. Тоғли ҳудуддаги машғулотларимизда асосий эътибор спарринг, жисмоний тайёргарлик, чидамкорликка қаратилди.
- Туркиядаги рейтинг турнирига борадиган таркибни аниқлаб олиш сиз учун қийин бўлмадими?
- Декабрь ойида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатининг 6 та Олимпия вазн тоифасида чемпион бўлган курашчилар ҳақли равишда Туркияга кетяпти. 125 кг вазнда икки курашчимиз Истанбулдаги мусобақада қатнашади. Сардор Холматов Ўзбекистон чемпиони бўлган. 13 февраль куни ушбу вазндаги етакчимиз Ҳасанбой Раҳимовнинг икки йиллик дисквалификация муддати якунланди ва у энди бемалол ички ва халқаро мусобақаларда иштирок эта олади. Бу вазнда икки курашчимиздан қай бири яхшироқ натижа кўрсатса, бир ярим ойдан сўнг ўтказиладиган Осиё чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
- 65 кг вазнда Туркиядаги рейтинг турнирида бир йўла 3 нафар курашчимиз гиламга чиқар экан. Бунинг сабабини қандай изоҳлайсиз?
- Бу вазн бизда анча рақобатбардош ҳисобланади. Биринчи бўлиш учун даъвогарлар етарли. Шу боисдан ҳам уларнинг ҳаммасига ҳам имконият тақдим этилади. Уларнинг қай бири яхши натижа кўрсатса, Осиё чемпионатига боради. Қолаверса, бу йил катта мусобақалардан Осиё ўйинлари ва Ислом Бирдамлик ўйинлари бор. Кимдир Осиё чемпионатига борса, яна кимдир Ислом Бирдамлик ўйинларида қатнашади. Нодир Раҳимов ва Умид Жалолов истеъдодли курашчилар. Рио Олимпиадаси иштирокчиси Аббос Раҳмонов декабрда Ўзбекистон чемпиони бўлди. Асосий вазифамиз Осиё ўйинларига кучли таркиб билан бориш.
- Туркиядаги турнирдан қандай натижа кутяпсиз?
- Йилнинг дастлабки рейтинг турнирига бўлган қизиқиш юқори. Жуда кучли мусобақа бўлиб, дунёнинг энг кучли курашчилари Истанбулга келяпти. Шу кунларда Болгарияда ўтказилган мусобақага иштирокчи давлатлар ўзларининг 3-4 таркибларини олиб келишган эди. Истанбулдаги рейтинг турнирида АҚШ, Россия, Эрон, Озарбайжон, Грузия каби номдор мамлакат терма жамоалари қатнашади. Очиғини айтаман, Туркияда ҳеч кимга осон бўлмайди. Бекзод Абдураҳмонов 74 килограмм вазнда 86 килога кўтарилди. Биринчи хориж мусобақасида қатнашади. Мослашиб кетиши учун вақт керак бўлади. Ғуломжон Абдуллаев ҳам 57 эмас, 61 кг вазнда гиламга чиқади.
Туркиядаги халқаро мусобақада иштирок этадиган эркин курашчиларимиз таркиби:
61 кг: Ғуломжон Абдуллаев
74 кг: Асомиддин Ҳасанов
65 кг: Умиджон Жалолов
65 кг: Аббос Раҳмонов
65 кг: Нодир Раҳимов
86 кг: Бекзод Абдураҳмонов
97 кг: Муҳаммадрасул Раҳимов
125 кг: Ҳасанбой Раҳимов
125 кг: Сардор Холматов