Ойбек Касимов: “Минтақавий форум – спорт менежментини янги босқичга олиб чиқиш йўлида жуда фойдали платформа”
1-4 ноябрь кунлари Тошкентда илк бор МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия Миллий Олимпия қўмиталари раҳбарлари иштирокида минтақавий форум бўлиб ўтди. Юқори савияда ташкил этилган ушбу тадбирда минтақада спорт ривожини янги босқичга олиб чиқиш, соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш каби истиқболли йўналишлар бўйича келишувларга эришилди. Эътиборингизга ушбу форумнинг асосий ташкилотчиларидан бири, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов билан тадбир ҳақида ташкил этилган интервьюни ҳавола қиламиз:
– Форумнинг асосий моҳияти нимадан иборат эди ва у бизга нима беради?
– Биласизми, бу каби форумларнинг ҳамкорликда ривожланиш, янги стратегик режалар ишлаб чиқиш каби йўналишларда тутган ўрни беқиёс. Тадбирда ҳар бир давлат делегацияси ўтган давр ичида (форумдан форумгача) ўз мамлакатида спорт тараққиёти борасида қилинган ишлар, спорт тиббиёти, илмий-методик йўналиш ва бошқа соҳаларда эришилган кўрсаткичлар бўйича ўз тажрибаларини алмашди. Бунда табиийки биз ҳам маҳаллий федерацияларимиз билан ўзимизга керакли нарсаларни олдик.
Шунингдек, спорт инфратузилмаси ҳамда катта мусобақаларга терма жамоаларнинг биргаликда тайёргарлик кўриши, тренер ва бошқа мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши, илғор, замонавий услублар, янги тенденцияларга асосланган тизим ёрдамида малакали кадрлар (ҳакамлар, таҳлилчилар, спорт шифокорлари, психологлар) тайёрлаш ҳам кўзда тутилган. Шу боисдан, минтақавий форум спорт менежментини янги босқичга олиб чиқиш йўлида жуда фойдали платформа деб ҳисобласак, янглишмаган бўламиз.
– Форум ташкилотчилар режалаштирганидек ўтдими? Меҳмонлар унга қандай баҳо беришди?
– Форум режалаштирганимиздан ҳам аъло даражада ўтди. Ўзим кўп маротаба бошқа давлатларда ташкил этилган бу каби форумларда иштирок этганман. Бироқ Тошкентдагиси аввалгиларига қараганда анчайин юқори савияда ўтди, дея оламиз. Бу нафақат менинг, балки унда иштирок этган бошқа делегатларнинг ҳам фикри. Фаолиятида шу каби минтақавий форумда бевосита қатнашган Грузия, Литва ва бошқа МОҚ вакиллари тадбир шу пайтгача бундай даражада ўтмаганини таъкидладилар.
Шунингдек, улар ташкилий жиҳатдан марра анча юқори олингани, уни тушириб юбормаслик учун форумнинг кейинги мезбони Озарбайжон МОҚ вакиллари ҳам анча меҳнат қилиши кераклигини айтдилар. Авваламбор, биз ташкилий жиҳатдан кичик деталларгача эътибор қаратишга ҳаракат қилдик. Иштирокчиларнинг қай тартибда жойлашишидан тортиб, дастурнинг ҳар бир дақиқаларигача имкон қадар пухта ишлаб чиқилди. Натижа эса биз кутгандан ҳам аъло бўлди. Яна такрорлайман, бу фақат бизнинг эмас, барча иштирокчиларнинг фикри.
Тадбир координатори Юрий Николаев ҳам форумдан сўнг ташкилотчилик учун чуқур миннатдорчилик билдирди. Дастур бўйича Самарқанд ва Тошкент шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига уюштирилган ташриф, шунингдек, кутиб олишдан то кузатиш жараёнларигача масъуллар томонидан ҳар бир меҳмонга алоҳида қаратилган эътибор ҳам яхши баҳоланди.
– Форум давомида бир қатор мамлакат МОҚлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди…
– Биз бунгача Россия, Украина, Туркманистон Миллий Олимпия қўмиталари билан меморандум имзолаган эдик. Бундан ташқари, Беларусь ҳам бир қатор спорт турларида кучли ҳисобланади. Уларнинг ҳам бизга татбиқ қилса бўладиган жиҳатлари бор. Озарбайжон Европа ўйинлари, Ислом бирдамлик ўйинлари каби йирик комплекс мусобақаларга мезбонлик қилган. Каспий бўйида спорт инфратузилмаси ҳам жуда юқори даражада. Шунингдек, мамлакатда спорт тиббиёти яхши йўлга қўйилган. Бир сўз билан айтганда, бир-биримиздан ўрганадиган жиҳатларимиз бисёр. Шу нуқатаи назардан бу меморандумлар мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва тайёргарлик жараёнларини янги босқичга олиб чиқишга туртки бўлади.
– Эътибор берсак, ҳамкорлик меморандумларининг 3 таси мамлакат МОҚлари ва яна бири Татаристон Олимпия кенгаши билан имзоланди. Нега айнан Татаристон Олимпия кенгаши танланди?
– Татаристонга келадиган бўлсак, улар дастлабки МДҲ ўйинларига мезбонлик қилишди. Қозонда бўлиб ўтган мазкур комплекс мусобақа доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Татаристон Президенти билан учрашиб, ҳар икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларини кўриб чиққанди. Биламизки, Татаристон спорт соҳасида Россиянинг пойтахти ҳисобланади. Жуда ҳам ажойиб спорт иншоотлари мавжуд. Ўзбекистонлик спортчилар кўплаб хорижий йиғинларини айнан Қозон шаҳрида ўтказишади. Меморандум шартларига кўра, шу каби ишлар юзасидан биргаликда ҳаракат қилиш, ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш каби масалалар ўрин олган. Улар Россия медалларини Татаристон кесимида ҳам кўрсатишди. Бу эса Татаристонда спорт яхши ривожланганини кўрсатади. Хабарингиз бор, бизнинг Россия Олимпия қўмитаси билан ҳам ҳамкорлигимиз бор. Мазкур ҳамкорлик доирасида Татаристон билан ҳам алоқаларни мустаҳкамласак нур устига аъло нур бўлади. Ана шуларни ҳисобга олиб спорт инфратузилмасидан фойдаланиш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш мақсадида уларнинг Олимпия кенгаши билан келишувга эришилди.
– «Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида бу каби форумлар қандай аҳамият касб этади?
– Форум доирасида “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига ҳам қизиқиш билдирилди. Боку ва Қозоннинг бундай ката турнирларни ўтказиш бўйича тажрибаси бор. Форумда иштирок этган кўплаб давлатларда бу каби мусобақалар бўлиб ўтган. Бундай форумлар доирасида ўзаро муносабатлар янада мустаҳкамланади, тажриба алмашинилади. Шу боис бу каби форумлар ана шундай режаларни амалга ошириш учун яхши платформа ҳисобланади.
Шунингдек, форумда соҳанинг бир неча етук профессорлари иштирок этишди. Ҳар бир давлат ўз ташаббусини, соҳада эришган ютуқларга асосланган таклифларни илгари сурди. Бу жуда ҳам яхши анъана. Ўйлайманки, биз ўзимизга керакли нарсаларни олдик.
Форум спорт менежменти ва инфратузилмаси, медицина, фармакология, йирик мусобақаларга тайёргарлик кўриш, малакали мураббий ва мутахассисларнинг тажриба алмашиши учун катта майдон бўлиб хизмат қилади.
Сўнгги сўз ўрнида айтмоқчиманки, форумдан олган таассуротларимиз, билим ва кўникмаларимиз келажакда ўзбек спортини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Фурсатдан фойдаланиб, тадбирни юқори савияда ташкил қилишда ёрдам берган Ҳукуматимиз, тегишли вазирлик ва бошқа идоралар, ҳамкасбларимизга Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва ўз номимдан миннатдорчилик билдириб қоламан.