Роландо Монтес: “Ўзбек бокси билан тажриба алмашиш биз учун жуда муҳим”
Маълум қилганимиздек, айни кунларда бокс бўйича Ўзбекистон ва Куба терма жамоалари Тошкент вилоятида қўшма ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Эътиборингизга Куба жамоаси бош мураббийи Роландо Монтес билан ташкил этилган кичик суҳбатни ҳавола қиламиз:
– Ўзбекистонда йиғин ўтказиш фикри қачон пайдо бўлди?
– Токио Олимпиадасидан сўнг бу борада атрофлича фикрлашдик ва тахминан 1 ой аввал якуний қарорга келинди. Ўзбекистон жамоаси билан илиқ муносабатимиз бор. Улар аввал Кубага боришган эди, бу гал биз Тошкентга келдик. Келажакда бу муносабатни янада мустаҳкаламоқчимиз.
– Дастлабки спарринг машқларини ўтказиб олдик. Боксчиларимиздаги потенциални қандай кўряпсиз?
– Ўзбекистон термасининг ҳар қайси ёш тоифасидаги жамоасида жуда катта потенциал бор. Йигитларингиз маҳорат ва техника борасида, шубҳасиз, кучли. Мамлакатингизнинг иқлими, витаминга бой мевалари ва овқатлари боксчиларни янада кучли қилади.
– Об-ҳаво Кубага қараганда бироз совуқ экани салбий таъсир ўтказмаяптими?
– Йўқ, бу катта муаммо эмас. Йиғин профессионал даражада ташкиллаштирилган. Ҳеч қандай муаммога дуч келаётганимиз йўқ. Энг асосийси, Сизларда жуда кучли боксчилар бор. Ўзбек бокси билан тажриба алмашиш биз учун жуда муҳим.
– Сиз фаолиятингиз давомида жуда кўп Олимпия ўйинларида ишлансиз. Нима деб ўйлайсиз, Токио-2020 бошқалари билан қандай фарқ қилди?
– Ҳозирда бокс бутун дунёда ривожланмоқда. Жаҳон миқёсида ўтказиладиган мусобақалар савияси, табиийки, бир ҳил даражада эмас. Коронавирус пандемияси билан бу Олимпиада циклида биз ўзимиз хоҳлаганчалик тайёрлана олмадик. Замонавий спортда юқори даражани ушлаб туриш учун биз ҳам ўз устимизда ишлаб, янгилик қилиб боришимиз керак.
– Машғулотлар давомида кўряпмизки, Рониель Иглесиас кўп бора асосий жамоадан ажралган ҳолда машқ қилмоқда. У билан индивидуал дастур ишланганми?
– Йўқ, у ўзи табиатан шунақа. Рониель жамоамизнинг етакчи вакили. У йиллар давомида олган тажрибаси билан баъзи вазиятларда алоҳида юриб ўзини шундай тайёрлайди.