Рустам Шоабдураҳмонов оғир атлетика бўйича терма жамоа аъзолари ва номзодлар билан учрашди

Чирчиқ шаҳрида катталар ва ўсмирлар ўртасида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтаётгани ва унда Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов мусобақа ўтказилаётган жойга ташриф буюриб, атлетлар ва мураббийлар билан кўришгани ҳақида маълум қилган эдик.

Суҳбат чоғида МОҚ раҳбари спортчиларга ўтаётган чемпионатда омад тилади. Бўлажак Олимпиадада юртимиз шарафини ҳимоя қилиши кутилаётган спортчиларга ўз устиларида ишлашдан тўхтамасликлари, асосий мақсад Олимпиадада ҳам юртимиз байроғини баланд кўтариш эканлигини таъкидлади.

Таъкидлаш лозим, Чирчиқдаги мусобақа орқали нафақат Токио Олимпиадаси, бошланаётган янги тўрт йиллик мусобақалари, жумладан 2022 йилда(Хитойда)ги Осиё ўйинлари ва Парижда 2024 йил ўтказилиши режалаштирилган мусобақа учун ҳам муносиб номзодлар кўздан кечирилди. Қувонарли жиҳати, иштирокчилар орасида Сарварбек Зафаржонов, Мурод Намозов ва Жамила Панфилова каби ёш иқтидорлар ишончли иштирок этиб, ўзларини ижобий томондан кўрсата олишди. Терма жамоа мураббий ва мутасаддилари ушбу спортчилар меҳнат қилишдан тўхтаб қолишмаса, Париж-2024да ҳам Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қила олишига ишонишмоқда.

17 Oktabr, 2020|Янгиликлар|