“Классик” курашчиларимиз Янгиободда йиғин бошлашди

Карантин қоидалари юмшатилгач, бирин-кетин турли спорт тури бўйича терма жамоаларимиз тўлақонли машғулотларга қайтишди.

Жумладан, юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудида жойлашган Янгиободдаги спорт базасида ўқув-машғулот йиғинини бошлади. Кунига уч маҳал ўтказилаётган машғулотларда Равшан Рўзиқулов бошчилигидаги 30 нафар «классик» курашчиларимиз иштирок этишаяпти.

Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси бош шифокори Елена Абаева спортчиларни доимий равишда назорат қилиб бораяпти. Йиғинда барча карантин қоидаларига риоя қилинмоқда.

Янгиободдаги йиғин 17-19 ноябрь кунлари Навоий шаҳрида ўтказиладиган катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати, шунингдек декабрда Сербия пойтахти Белград мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик босқичи вазифасини ўтаб беради.

Мураббийлар – Равшан Рўзиқулов, Рустам Қудратов, Заза Силагадзе, Аслидин Худойбердиев, Исроил Сиддиқов, Хайрулла Абдуллаев.

Шифокор – Елена Абаева
Массажчи – Узроб Турсуналиев

Маълумот учун, Янгиободдаги ўқув-машғулот йиғини 31 октябрга қадар давом этади.

Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизмати

17 Oktabr, 2020|Янгиликлар|