Паралимпиячиларимиз учун “Бир жамоа» номли катта байрам дастури ташкил қилинди

“Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида 3 декабрь – “Халқаро ногиронлар куни”га бағишланган “Бир жамоа” номли байрам тадбири ўтказилди.

Ҳар йили 3 декабр – «Халқаро ногиронлар куни” сифатида республикамизда кенг нишонланиши давлатимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир. Ўтказилган мазкур тадбир ҳам ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўринларини эгаллашларига имконият яратиш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишлар, бу борада муҳтарам Президентимиз томонидан аҳолининг ҳар бир қатламига кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ҳам ўз спортчиларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларга ҳаётда барча қатори кенг имкониятлар яратиб бериш ва улар ўртасида спортни тарғиб қилишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Кечаги тадбирда Паралимпия терма жамоамизнинг барча вакиллари иштирок этиб, қаратилаётган бундай эътибордан бошлари осмонга етди. Зеро, байрам дастуридаги қувонч ва бахтиёрлик хисси уларнинг кўзидан шудоққина сезилиб турарди. Эстрадамизнинг ёрқин вакиллари томонидан куйланган қўшиқлар ва саҳналаштирилган бадиий чиқишлар кечага янада файз берди.

Йил якунларига бағишланган ушбу байрам тадбирида Паралимпия йўналиши бўйича “Йилнинг энг яхши аёл спортчиси” ҳамда “Йилнинг энг яхши эркак спортчиси” номинациялари ғолиблари ҳам эълон қилинди. Унга кўра пара-каноэ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шаҳноза Мирзаева “Йилнинг энг яхши аёл спортчиси”, пара-атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бобир Омонов эса “Йилнинг энг яхши эркак спортчиси” деб топилди. Ғолибларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев табриклади. Маросимида сўзга чиққан Азиз Абдуҳакимов Президентимизнинг Паралимпия спортига қаратаётган эътиборларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Таъкидлаш керакки, якунланиб бораётган 2019 йилда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси спортчилари 18 та халқаро мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилишди ва уларда 33 та олтин, 16 та кумуш ва 16 та бронза медалларини қўлга киритдилар.

Ҳозирги кунга қадар 15 нафар спортчи келаси йил Токиода бўладиган ёзги Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Шерзод Намозов (пара-дзюдо) Ўткир Нигматов (пара-дзюдо), Одилжон Турдиалиев (пара-дзюдо), Хусниддин Норбеков (пара-атлетика), Александр Свечников (пара-атлетика), Нозимахон Қаюмова (пара-атлетика) ва Фирдавс Мусабеков (пара-сузиш) каби спортчилар миллий паралимпиямизнинг довруғини жаҳонга ёйишда муносиб ҳисса қўшишмоқда.