Забелинская ҳамда Холмуродов навбатдаги лицензиялар учун жиддий енг шимаришди

Келаси йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига велоспортнинг шоссе йўналишида йўлланма қўлга киритган спортчиларимиз Ольга Забелинская ҳамда Муроджон Холмуродов эндиликда трек бўйича лицензия олиш учун жиддий бел боғлаган. Вакилларимиз трек йўналиши бўйича кетма-кет 3 та Жаҳон кубоги босқичларида иштирок этиш учун жўнаб кетишди.

Спортчиларимиз иштирок этадиган дастлабки босқич 29 ноябрь – 1 декабрь кунлари Гонгконг мезбонлигида ўтса, 6-8 декабрь кунлари Янги Зеландиянинг Кембриж, 13-15 декабрда эса Австралиянинг Брисбен шаҳри навбатдаги баҳсларга мезбонлик қилади.

Маълумот учун, Жаҳон кубогида дунё рейтингидаги энг кучли 24 нафар спортчи иштирок этиши мумкин. Ўтказиладиган ҳар бир босқич эса Токио Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарини тақдим қилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати Забелинская Жаҳон кубоги босқичларида иштирок этадиган дастлабки аёл велоспортчимиз сифатида ўзбек спорти тарихидан жой олади.

29 Noyabr, 2019|Янгиликлар|