Япон спорт ҳафталиги доирасида дзюдо бўйича мастер-класс ўтказилди

Юртимизда япон спорт ҳафталиги ҳам ўз поёнига етиб бормоқда. Бир неча кун давом этган мазкур ҳафталикнинг сўнгги тадбири Япониянинг миллий спорт турларидан бири дзюдо бўйича ўтказилди. Бугун Ўзбекистон дзюдо федерациясида ташкил этилган тадбирда япониялик дзюдо устаси маҳаллий мураббийлар учун маҳорат дарсини ўтказди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма, шунингдек, дзюдо мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида Япониянинг JICA ташкилоти томонидан юртимизга юборилган мутахассис, 4-дан қора белбоғ соҳиби Ашидо Коки маҳаллий мураббийлар билан ўз билимларини ўртоқлашди. Ашидо Коки ёш дзюдочиларимиз билан ўтказилган маҳорат сабоқларида дзюдо спортининг ўзига хос қирралари, японча услубларни мужассамлаштирган техник усуллар ҳақида гапириб берди ва уларни амалда кўрсатиб ўтди.

Тадбир якунида Азизжон Камилов ташкил қилинаётган мана шундай спорт тадбирларини қўллаб-қувватлагани ва кўрсатган амалий ёрдами учун элчи Ёшинори Фужиямага эсдалик совғаларини тақдим қилди.

29 Noyabr, 2019|Янгиликлар|