Япон спорт ҳафталигига атаб матбуот-анжумани ўтказилди

Хабар берганимиздек, айни кунларда юртимизда япон спорт ҳафтилиги ўтказилмоқда. Ушбу ҳафталик доирасида спортнинг теннис, стол тенниси, каратэ турлари бўйича япониялик тажрибали мутахассислар ўз билимлари билан ўроқлашади. Бугун пойтахтимиздаги “Tashkent City Palace” меҳмонхонасида ОАВ вакиллари учун мазкур тадбирларга бағишланган матбуот-анжумани ташкил қилинди. Унда Осиё каратэ федерацияси биринчи вице-президенти, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раҳбари Алам Муллаев, Япониядан ташриф буюрган каратэ мутахассислари Макото Хосая, Рёсуке Шимизу ва Шинжи Нагаки, маҳаллий мураббийлар ва журналистлар иштирок этишди.

“Япон спорт ҳафталиги терма жамоамиз спортчи ва мураббийларининг маҳоратлари янада ошишида хизмат қилади. Мутахассислар билан белгиланган режа асосида семинар ва машғулотлар олиб борилмоқда. Бундай тадбирларнинг ташкил қилиниши Токио Олимпиадасига тайёргарлик йўлида жуда катта фойда бериши, шубҳасиз”, – деди Алам Муллаев.

Анжуман давомида журналистлар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиб, ҳафталик доирасида олиб борилаётган ишлар борасида атрофлича маълумотга эга бўлишди. “Токио сари йўл” шиори остида ўтаётган мазкур ҳафталик 27 ноябрга қадар давом этади.

22 Noyabr, 2019|Янгиликлар|