Тошкент оғир атлетика бўйича Токио Олимпиадасига лицензион очко берувчи 3 та йирик мусобақага мезбонлик қилади

Токио Олимпиадасига лицензион рейтинг очколарини тақдим қилувчи йирик мусобақалар турнир ўтадиган мезбон давлатга янада катта масъулият юклайди. Мамлакатимиз эса йирик спорт мусобақаларига мезбонлик қилиш борасида улкан тажрибага эга ва буни ҳар доим халқаро ташкилотлар алоҳида эътироф этиб келишган. Халқаро оғир атлетика федерацияси келаси йил кетма-кет ўтказиладиган 3 та йирик мусобақа: 7-12 февраль кунлари Халқаро Бирдамлик чемпионати, 13-19 февраль кунлари оралиғида ҳам ўсмирлар, ҳам ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбон деб Тошкент шаҳрини белгилади. Эътиборлиси, мазкур мусобақаларнинг барчаси Токио Олимпиадасига лицензион очко тақдим қиладиган турнирдир. Айни пайтда Халқаро Оғир атлетика федерацияси Бош котиби Муҳаммад Жалуд бошчилигидаги делегация мазкур мусобақалар ўтказиладиган жой билан яқиндан танишиш ва шаҳарнинг юзлаб меҳмонларни қабул қила олиш салоҳиятини кўздан кечириш учун пойтахтимизга ташриф буюрган. Делегацияни МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов қарши олди.

“Юртимиз азалдан паҳлавонлар мамлакати бўлиб келган. Оғир атлетика ҳам ёшларимизнинг энг севимли спорт турларидан бири. Буни полвонларимизнинг халқаро мусобақаларда қайд этадиган натижаларидан ҳам яхши биласиз. Буларнинг барчаси муҳтарам Президентимизнинг ёшлар спортига қаратаётган эътиборлари самарасидир. Ҳурматли Президентимиз юртимизни янада ривожлантиришда 5та муҳим ташаббуслардан бирини жисмоний тарбия ва спорт билан боғлаган. Ўзбекистон? Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бу бўйича ҳамкорликда қатор дастурлар олиб бормоқда. Тошкентда ўтказиладиган мусобақалар эса оғир атлетиканинг юртимизда янада ривожланишига катта туртки бўлади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида Муҳаммад Жалуд ҳам давлатимизнинг мазкур мусобақаларни юқори савияда ўтказа олиши ҳақида илиқ фикрларини билдириб ўтди.

“Ўзбекистон ҳамиша биз ишониб топширган мусобақаларни юқори савияда ташкил қилиб келган. Ишонаманки, бу гал ҳам ташкилий ишлар ва бошқа масалалар бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Сўнгги 1 йил ичида Ўзбекистон мисли кўринмаган даражада ўзгарди ва замонавий қиёфа очиб бормоқда. Айниқса, “Ҳумо” арена ва қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази барчамизнинг эътиборимизни тортди. Сизга вақт ажратиб бизни қабул қилганингиз ва мусобақани ўтказишда қўллаб-қувватлаётганингиз учун чуқур миннатдорчилик билдириб қоламан”, – деди Муҳаммад Жалуд.

Томонлар учрашув давомида мусобақани ўтказиш борасидаги бошқа ташакилий масалалар бўйича атрофлича муҳокама олиб боришди.

22 Noyabr, 2019|Янгиликлар|