Ўзбекистонда “Токио сари йўл” шиори остида япон спорти ҳафталиги бошланди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Токио сари йўл” шиори остида япон спорти ҳафталиги ташкил қилди. Ушбу ҳафталик давомида спортнинг теннис, стол тенниси ва каратэ турларида япониялик етакчи мутахассислар ёшларимиз учун мастер-класс кўрсатиб беришади.

19-20 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари теннис мактабида спортнинг ушбу тури бўйича мураббийларимиз учун семинар, спортчилар учун маҳорат дарси ўтказилди. Дарслар Ёшинори Накаяма бошчилигида ўтказилиб, тажрибали мутахассис 2 кун давомида тенниснинг замонавий қирралари бўйича бор билимлари билан ўртоқлашди.

Мазкур тадбир доирасида 23-24 ноябрь кунлари Тошкентда каратэ, 26-27 ноябрь кунлари эса Тошкент ва Самарқандда стол тенниси бўйича семинар ва маҳорат дарслари ташкил қилинса, “Tashkent City Palace” меҳмонхонасида 22 ноябрь куни соат 15:00 да ОАВ вакиллари учун матубот-анжумани ўтказилади. Каратэ бўйича ўтказиладиган тадбирлар Макото Хасоя, Рёсуке Шимизу, Шинжи Нагаки каби Япония терма жамоасида фаолият олиб борадиган мутахассислар томонидан ўтказилади. Сеико Исеки эса стол тенниси бўйича кечадиган жараёнларда ташаббус кўрсатиши белгилаб қўйилган.

“Токио сари йўл” деб номланган спорт ҳафталигини ўтказишдан мақсад – 2020 йилда Токио шаҳрида ўтказиладиган XXXII Ёзги Олимпия ўйинларини тарғибот қилиш, мусобақага бўлган тайёргарлик жараёнини ўрганиш ҳамда ёшларни спорт билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини олиб бориши учун замин яратишдир.

20 Noyabr, 2019|Янгиликлар|