Қиличбозликни инновацион ривожлантиришга бағишланган йирик халқаро конференция ўтказилди

17 ноябрда Тошкентда ўсмир қизлар ўртасида сабля бўйича Жаҳон кубоги баҳслари доирасида биринчи маротаба “Осиё қитъасида қиличбозликни инновацион ривожлантириш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унинг ишида Халқаро қиличбозик федерациясининг масъул ходимлари, Панамерика ва Осиё қиличбозлик конфедерациялари, 24 давлат миллий қиличбозлик федерациялари раҳбарлари иштирок этди.

Конференцияда сўзга чиққан Халқаро қиличбозлик федерацияси Ижроия қўмитаси аъзоси, Панамерика қиличбозлик конфедерациясининг президенти В.Логвин Ўзбекистон раҳбариятининг спортни, шу жумладан, қиличбозлик спортини ривожлантиришга қаратаётган эътиборини алоҳида таъкидлади. Мамлакатнинг барча минтақаларида янги қиличбозлик заллари барпо этилмоқда, спортнинг ушбу тури билан шуғулланаётган болалар ва ўсмирлар сони ортиб боряпти. Кейинги йилларда Ўзбекистонда қиличбозлик бўйича халқаро ва минтақавий мусобақалар ҳам катта муваффақият билан ўтказиляпти.

Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон спортнинг ушбу тури бўйича халқаро мусобақаларда катта муваффақиятларга эришиши учун қиличбозларни мусобақаларга тайёрлашнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш зарур. Ушбу замонавий технологиялар олий спортни ривожлантиришда хал қилувчи омиллардан биридир. Жумладан, Панамерика қиличбозлик конфедерацияси “Мактабдан – Олимпия ўйинларига” концепциясини ишлаб чиқди ҳамда қиличбозлик спортини оммалаштириш мақсадида фахрийлар ва болалар ўртасида жаҳон биринчилигини ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу тажриба Осиё мамлакатлари миллий қиличбозлик федерациялари учун ҳам фойдадан ҳоли эмас.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясининг раиси Р.Шоабдураҳмонов жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳолини, айниқса, ёшларни спорт билан шуғулланишга жалб этиш соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг беш стратегик ташаббусида мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш иккинчи ўринда туради. Ушбу ташаббус доирасида ҳар бир шаҳар ва туман марказларида спорт мажмуалари бунёд этилмоқда. Олимпия спорт марказини барпо этиш ҳам режалаштирилмоқда. Ўзбекистон болалар ва ўсмирлар ўртасида Осиё ўйинлари, шунингдек, катталар ўртасида ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш ниятида.

Халқаро конференцияда сўзга чиққан профессор Хуан Карлос қиличбозларни мусобақаларга руҳий тайёрлашга алоҳида эътибор қаратди. У ҳозирги пайтда спортчилар ва тренерлардан доимо спортдаги инновацион янгиликлардан хабардор бўлиш ва уларни самаралари қўллаш талаб этилаётганига урғу берди. Қиличбозларнинг жисмоний ва техник-тактик тайёргарлиги нисбатан тенг бўлган ҳолатда уларни мусобақаларга руҳий пухта тайёрлаш муваффақиятга эришишнинг ҳал қилувчи омили ҳисобланади.

Конференцияда иштирок этган мутахассислар унда муҳокама этилган қиличбозлик спортини инновацион ривожлантириш масаласи спортчиларни нуфузли халқаро мусобақаларга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.

 

Суратлар манбаси: Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси.

18 Noyabr, 2019|Янгиликлар|