Токио Олимпиадасига йўлланма олган замонавий бешкурашчиларимиз тақдирланишди

Хитойнинг Ухань шаҳри мезбонлик қилган замонавий бешкураш бўйича Осиё-Океания чемпионати ўзбек спорти учун унутилмас мусобақа сифатида тарихда қолди. Токио Олимпиадасига йўлланма берадиган мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам қатнашиб, спортимиз тарихида илк бор ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Терма жамоамиз Алисэ Фахрутдинова ҳамда Александр Савкиннинг ажойиб иштироки орқали Токио Олимпидасига бир эмас иккита лицензия қўлга киритди. Қолаверса, спортчиларимиз микс эстафетасида шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилдилар.

Спортчиларимиз бугун тунда Тошкент халқаро аэропортига қайтиб келишди. Қаҳрамонларимиз тантанали кутиб олинганидан сўнг шу куннинг ўзида уларга давлатимиз томонидан ажратилган пул мукофотлари топширилди. Белгилаб қўйилганидек, Олимпия ўйинларига йўлланма олган спортчиларимиз Алисэ Фахрутдинова ҳамда Александр Савкин 100 миллион сўмдан, уларнинг мураббийлари эса 50 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотига сазовор бўлдилар.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси мутасаддилари, қолаверса, федерацияга бириктирилган масъул ташкилотлар “Бекобод цемент” АЖ, ва “Кварц” АЖ вакиллари ҳам иштирок этишди.

Натижаларимизни мана шундай мукофотлар билан тақдирлашаётгани учун ҳукуматимизга ташаккур айтиб қоламан. Федерациямиз бизнинг бемалол шуғулланишимиз учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Насиб қилса, Токио Олимпиадасида билдирилган бундай ишончни оқлашга ваъда берамиз”, – деди Алисэ Фахрутдинова.

18 Noyabr, 2019|Янгиликлар|