Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Соғломлаштириш спартакиадаси ўтказилди

18 ноябрь Ўзбекистон Респубилкаси Давлат байроғи қабул қилинган кун. Ушбу кун муносабати билан кўплаб жойларда ўзига хос катта-катта тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Республика Олимпия захиралари мактаб интернатида Ўзбекистон камондан отиш федерацияси ташаббуси билан ташкил қилинди. Миллий Олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда “Трастбанк” билан ҳамкорликда ташкил қилинган мазкур мусобақа спорт соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар ва уларнинг оила-аъзолари иштирокида ўтказилди. Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов сўзга чиқиб, бу каби спорт спартакиадаларининг ўтказилиши оилавий дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга, энг асосийси соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтдилар. Баҳсларни бевосита МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ҳам кузатиб борди ва барча қатнашчиларга омад тилаб ўтди.

Тадбир давомида иштирокчилар спортнинг мини-футбол, миллий камондан отиш, бадминтон, шахмат ва арқон тортиш йўналишлари бўйича ўз омадини синаб кўрдилар. Кескин ва муросасиз ўтган баҳслар якунида мини-футбол бўйича Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, миллий камондан отиш йўналишида “Трастбанк” вакиллари, шахмат йўналишида спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов, бадминтон баҳсида эса эркаклар ва аёллар ўртасида ҳам МОҚ аъзолари ғалаба қозонишди. Спартакиада якунида ғолиб ва совриндорлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

17 Noyabr, 2019|Янгиликлар|