Токио Паралимпиадасига 8 та лицензия қўлга киритиб қайтган юксак матонат эгалари тантанали кутиб олинди

Жорий йилнинг 7-15 ноябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида пара-атлетика бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати ўтказилди. Дунёнинг 120 га яқин мамлакат вакиллари орасида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

Регламентга кўра, мазкур мусобақада кучли тўртталикдан жой олган спортчилар келаси йил Токиода бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига йўлланма олиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритишар эди. Вакилларимиз ушбу жаҳон чемпионатида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида ўнинчи ўринни қўлга киритишимизни таъминлашди. Таъкидлаш жоиз, бу Паралимпия терма жамоамиз учун юксак натижадир. Мана шундай матонат кўрсатган қаҳрамонларимиз бугун пойтахтимизга қайтиб келишди. Уларни тантанали кутиб олиш маросимида Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги, Миллий Паралимпия ассоциацияси мутасаддилари, спортчиларимизнинг яқинлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Демак, ушбу жаҳон чемпионатида қуйидаги вакилларимиз ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олишди:

Олтин медаль эгалари:
Ҳусниддин Норбеков – ядро улоқтириш бўйича F35 тоифаси, 17.32 метр (жаҳон рекорди)
Дониёр Салиев – узунликка сакраш бўйича Т12 тоифаси, 7.44 метр (чемпионат рекорди)
Бобуржон Омонов – ядро улоқтириш бўйича F41 тоифаси, 14.03 метр
Бекжон Чеваров – узунликка сакраш бўйича Т13 тоифаси, 7.23 метр
Кумуш медаль эгалари:
Сафия Бурханова – ядро улоқтириш бўйича F12 тоифаси, 14.97 метр
Темур Гиязов – баландликка сакраш бўйича Т64 тоифаси, 1.99 метр
Бронза медаль эгалари:
Элбек Султонов – ядро улоқтириш бўйича F12 тоифаси 15.39 метр
Нозимахон Қаюмова – найза улоқтириш бўйича F13 тоифаси, 38.86 метр

Ушбу мусобақада совриндор бўлган спортчиларимизнинг барчаси (8 нафар) келаси йил бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига йўлланма олишди. Шу тариқа, Паралимпиада учун жамғарган лицензияларимиз сони 15 та га етди.

16 Noyabr, 2019|Янгиликлар|