Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этган велоспортчиларимиз тантанали кутиб олинди

9-11 сентябрь кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида велотрек бўйича катталар ва ўсмирлар ўртасида Осиё кубоги баҳслари бўлиб ўтди. Токио Олимпиадасига лицензион очколар тақдим қиладиган мазкур мусобақада терма жамоамиз вакиллари қитъанинг энг номдор спортчилари билан муносиб рақобат олиб бордилар.

3 кун давом этган турнирда вакилларимиз 4 та олтин ва 3 та кумуш медалларини жамғаришга муваффақ бўлдилар. Бу эса термамизнинг умумжамоа ҳисобида мусобақа мезбонларидан сўнг иккинчи ўринда бўлишини таъминлади. Бироз аввал делегациямиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қайтиб келди. Уларни кутиб олишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон велоспорт федерацияси мутасаддилари ва кенг спорт жамоатчилиги қатнашди.

Ҳиндистондаги Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этиб қайтдик. Бу турнирда медаль олишдан ташқари келаси йили Токиода бўладиган Олимпия ўйинларига қимматли рейтинг очколарини жамғардик. Энди кичик дам олишдан сўнг Тошкент вилоятида яна ўқув-машғулот йиғинини давом эттирамиз. Кейинги стартимиз октябрь ойининг охирларида Жанубий Кореяда бўладиган Осиё чемпионати бўлади. Унда Токио Олимпиадаси йўлланмасини деярли нақд қилиб қўйиш ҳам мумкин. Шу боис ҳам энди қитъа биринчилигига бор эътиборимизни қаратамиз”, – деди Муроджон Холмуратов.

Қуйида мазкур мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган вакилларимиз номини яна бир карра эслатиб ўтамиз:

Олтин медаль:
Муроджон Холмуратов
Рената Байметова
Беҳзодбек Раҳимбоев (2та)

Кумуш медаль:
Дилмурод Сиддиқов
Янина Кускова (2 та)

12 Sentabr, 2019|Янгиликлар|