Япония элчихонаси вакили МОҚ мутасаддилари билан учрашди

XXXII ёзги Олимпия ўйинлари яқинлашиб боргани сари ушбу мусобақага кўриладиган тайёргарликлар ҳам авжига чиқмоқда. Бунинг доирасида Ўзбекистон ва Япония ўртасида олиб борилаётган кенг ҳамкорлик ишлари ҳам ўзининг қизғин палласида. Давлатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, кўплаб спорт турлари бўйича терма жамоа вакилларининг қўшма ўқув-машғулот йиғинларини олиб бориш томонларнинг бош мақсади бўлиб қолмоқда. Бугун ҳам ана шундай истиқболли дастурларни муҳокама қилиш мақсадида Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисининг маслаҳатчиси Ацуши Суда Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Меҳмонни МОҚ вице-президенти Азизжон Камилов кутиб олди. Шунингдек, суҳбатда МОҚ президенти маслаҳатчиси Шерзодбек Асатуллаев, халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев ва Ўзбекистон теннис федерацияси Бош котиби Ирода Тўлаганова иштирок этди.

“Аввало, куни кеча Токио мезбонлик қилган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик полвон Шарофиддин Лутфиллаевнинг қўлга киритган кумуш медали билан табриклайман. Делегацияни кутиб олиш маросимини ҳам ўзбек каналлари орқали кузатиб бордим. Ўзбекистонлик спортчилар йилдан йилга юқори натижаларни қўлга киритиб боришмоқда. Биз эса терма жамоамиз вакилларининг тажриба алмашишлари учун ҳар қандай шароитни яратиб беришга тайёрмиз. Бу борада Япония теннис федерацияси ўсмир ёшдаги теннисчилар, уларнинг мураббийлари учун қўшма семинар ўтказишга рози эканини билдиради”, – деди Ацуши Суда.

Ўз навбатида Азизжон Камилов меҳмоннинг ҳамкорлик борасидаги ижобий жавобидан мамнун эканлигини билдириб ўтди.

Аввало, ташрифингиз учун ташаккур айтиб қоламиз. Бир неча ой муқаддам Токио-2020 ташкилий қўмитасининг вице-президенти Тошиаки Эндонинг ташрифида ҳам бу борада катта музокара олиб борилган эди. Бизнинг бош мақсадимиз Токио Олимпиадасига муносиб тайёргарлик кўриш. Бу борада катта дастурларни олиб бормоқдамиз. Спортчиларимизнинг Япония иқлимига мослашишлари учун мамлакатингизнинг турли шаҳарларида йиғинлар ташкил қилинмоқда. Хусусан, дзюдочиларимиз ҳам жаҳон чемпионатидан аввал Майдзуру шаҳрида йиғин ўтказишган эди. Япония теннис федерацияси билан олиб бориладиган ҳамкорлик дастури асосида ўсмирлар терма жамоалари мураббийлари учун семинарлар ташкил қилишни мақсадга мувофиқ деб биламан. Зеро, спортчининг техник ва тактик қобилиятини ёшликдан ошириб бориш келажакда катта натижага эришишнинг пойдевори”, – деди Азизжон Камилов.

Шунингдек, суҳбат давомида Токио Олимпиадасигача спортчиларимиз ва делегация вакилларининг Япониядаги жойлашуви, Токиода ташкил қилинадиган қатор тадбирлар хусусида сўз борди.

12 Sentabr, 2019|Янгиликлар|