“Сателлит” халқаро турнирининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Хабарингиз бор, шу кунларда пойтахтимиз қиличбозлик бўйича “Сателлит” халқаро турнирига мезбонлик қилмоқда. Бугун гимнастика саройи мезбонлик қилаётган мазкур мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти Дайрит Селсо, Пан-Америка қиличбозлик конфедерацияси раҳбари Виталий Логвин, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан мутасаддилар юртимизда жисмоний тарбия ва спортнинг, хусусан, қиличбозликнинг ривожланиши борасида ўзларининг илиқ фикрларини билдириб ўтишди. Расмийлар мусобақани очиқ, деб эълон қилишгач тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди. Унда қиличларнинг қадимий кўринишидан то ҳозирги давргача бўлган эволюцияси бадиийлаштирилган саҳна кўринишида намойиш этилди. Шундан сўнг саҳнага чиққан ўзбек эстрадаси юлдузларининг куй-қўшиқлари кечага янада файз берди. Айниқса, бугунги Халқаро қиличбозлик кунида ўтказилган маросим ушбу спорт мухлислари учун чинакам байрамга уланиб кетди.

Токио Олимпиадасига қимматли рейтинг очколарини тақдим этадиган ушбу “Сателлит” турнири шпага ва рапира қуроллари бўйича ташкил этилмоқда. Халқаро қиличбозлик федерацияси шафелигида ўтаётган мазкур мусобақада Россия, Буюк Британия, АҚШ, Италия, Сингапур, Малайзия, Бразилия, Туркия, Грузия, Хитой каби ўнлаб мамлакат вакиллари иштирок этмоқда.