Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти МОҚга ташриф буюрди

Айни кунларда пойтахтимиз қиличбозлик бўйича “Сателлит” халқаро мусобақасига мезбонлик қилмоқда. Токио Олимпиадасига лицензион очколар тақдим қиладиган мазкур мусобақа кўплаб мутахассислар нигоҳида бўлиши шубҳасиз. Мусобақани кузатиш учун ташриф буюрган Осиё қиличбозлик конфедерацияси раҳбари Дайрит Селсо Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонга Пан-Америка қиличбозлик конфедерацияси раҳбари Виталий Логвин ҳамроҳлик қилди. Меҳмонларни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов кутиб олди.

Юртимизга қилган ташрифингиз учун яна бир бор ташаккур айтаман. Тошкент тобора йирик спорт марказларидан бирига айланиб бормоқда. Аввало, бунда юртбошимиз бошчилигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг ўрни катта. Ўзбекистон ўзининг машҳур спортчилари билан ҳам шуҳрат қозонган. Оддий мисол, 3 йил муқаддам ўтказилган Рио Олимпиадасида терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида 207 мамлакат орасида 21-поғонани эгаллаган. Бизда ҳар йили қиличбозлик билан шуғулланувчилар сони 20-30 фоизга ортиб боряпти. Ҳамкорлигимиз самараси ўлароқ Ўзбекистонда нафақат спорт, балки, қиличбозлик ҳам жадал ривож топмоқда”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида Дайрит Селсо ҳам спортнинг юртимиздаги ривожланиши ва ташриф таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Дарҳақиқат, Ўзбекистон МОҚнинг бундай кўркам биносини кўриб ҳайратдаман. Мен Филиппин Олимпия қўмитасида раҳбарлик қилсам ҳам, бизнинг ташкилот бундай замонавий иншоотда фаолият олиб бормайди. Ўзбекистон спорт соҳасида Марказий Осиё минтақасида етакчига айланиб улгурди. Бунга асосий сабаб деб мамлакатингизда қиличбозлик ва бошқа спорт турларининг кучли мактаби борлигини кўрсатиб ўта оламан. Мисол учун, Собир Рўзиевдек қиличбозни бутун дунё танийди. Жаҳон спортида қиличбозликдан чиққан вакиллар ҳар ерда етакчилар қаторида. Жумладан, замонавий Олимпия ўйинлари асосчиси барон Пьер де Кубертен, ҳозирги Халқаро Олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах ҳам қиличбоз бўлишганини айтиб ўтиш мумкин. Илгари Хитой, Япония, Корея каби давлат вакиллари кўп жабҳада етакчилик қилишарди. Ҳозирда уларга кескин рақобат туғдира оладиган жамоалар шаклланган. Бу эса Осиёнинг ўзида 5 та минтақавий конфедерациялар очилганининг натижаси. Марказий Осиё конфедерациясининг ташкил қилинишини биз қўллаб-қувватлаймиз. Бу қиличбозликнинг Осиё минтақаси бўйлаб бир хил суратда ўсишини таъминлайди. Келажакда Ўзбекистон томони билан шундай яқин ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз”, – дейди Дайрит Селсо.

Суҳбат давомида ўзаро ҳамкорлик борасидаги катта дастурлар муҳокама қилинди. Учрашув якунига етгач меҳмонга МОҚнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шунингдек, жаноб Дайрит Селсо ташрифи давомида МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

7 Sentabr, 2019|Янгиликлар|