Спортчиларимиз россиялик спорт шифокорлари нигоҳида

Ўзбекистон ва Россия Миллий олимпия қўмиталари ўртасида олиб борилаётган ҳамкорлик доирасида навбатдаги дастур ўтказилмоқда. Унинг доирасида Россия МОҚ қошидаги Инновацион марказнинг тор доирадаги тажрибали шифокорлари спорт турлари бўйича терма жамоамиз вакилларини текширувдан ўтказишмоқда. Бугун Миллий олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси вакиллари ана шундай текширувдан ўтишди. Жараённи МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмоновнинг ўзи ҳам кузатиб борди ва терма жамоа шифокорларига юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, йигитларнинг саломатлигини жиддий назорат қилиб бориш борасида тегишли кўрсатмалар берди.

Дастур давомида бугунгача енгил атлетика, спорт курашлари ва сузиш спорт бўйича терма жамоа вакиллари мана шундай текширувдан ўтишган. Шунингдек, олдинда байдарка ва каноэда эшкак эшиш, каратэ, таэквондо ва оғир атлетика каби спорт турларида ҳам терма жамоамиз аъзоларининг кўрик учун ташрифи режалаштирилган.

Текширув доирасида қон таҳлиллари олиниб, спортчиларнинг индивидуал жисмоний ва психологик ҳолатлари бўйича чуқурлаштирилган кўрик олиб борилади. Унда терма жамоадаги ҳар бир спортчининг физиогологик ҳолати, жисмоний юкламаларни кўтара олиш даражаси, ҳаракат вақтида юрак-қон тизимининг фаолияти, мушакларнинг ривожланиш ҳолати атрофлича ўрганилади. Эътиборингизга мазкур текширувлар жараёнидан олинган фотосуратларни ҳавола қиламиз:

 

30 Avgust, 2019|Фото, Янгиликлар|