МОҚ президенти юртимизнинг биринчи ракеткаси Денис Истоминни қабул қилди

Теннисчимиз Денис Истомин келаси йили бўлиб ўтадиган Токио Олимпиадасига Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари орасида биринчи бўлиб йўлланма қўлга киритган спортчи саналади. Бўлажак Олимпиадага ҳар бир спортчимизни пухта тайёрлаш, уларнинг тайёргарлик режаларини федерация мутасаддилари билан ўрганиш ва тасдиқлаш борасида истиболли режалар ишлаб чиқилган. Шу асосда бугун Денис Истомин Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Спортчимизни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов қабул қилди.

Истоминга федерация Бош котиби Ирода Тўлаганова ҳамда терма жамоа сардори Фарруҳ Дўстов ҳамроҳлик қилди. Учрашув чоғида спортчимизнинг Токио Олимпиадаси учун ишлаб чиққан режаси, тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди.

Спортчи учун энг яхши тайёргарлик кўпроқ мусобақаларда қатнашиши. Токио-2020 учун кичик жамоам бор. Бунда онам ҳам психолог, ҳам мураббий сифатида ишласа, доим мен билан юрадиган физиотерапевт ҳам бўлади. Умуман олганда, Олимпиадада яхши натижа кўрсатишим учун шу гуруҳнинг ўзи етарли. Қолгани машғулотлар ва мусобақаларда ривожланади. Машғулотлар Москва ҳамда Тошкентда бўлади. Ҳозир бор эътиборимни бир неча кундан сўнг бошланадиган АҚШ очиқ чемпионатига қаратганман. Келаси йил Токиога яхши тайёргарликда етиб бориш учун ўзимга керакли мусобақаларни олдиндан танлаб олдик ва режамиз асосида иш тутсак, барчаси кўнгилдагидек бўлади”, – деди Денис Истомин.

Суҳбат давомида спортчимизнинг Токио Олимпиадасида юқори натижа кўрсатиши учун талаб этиладиган барча жиҳатлар атрофлича ўрганилиб, келгусида ҳам ҳамкорликда ишлаш борасида келишиб олинди.

8 Avgust, 2019|Янгиликлар|