Софиядан хушхабар давом этади

Болгариянинг София шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати ўз якунига етиб бормоқда. Бугунги кун доирасида юнон-рим кураши бўйича бир қатор вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқлаб олинди.

Эътиборлиси, ушбу кун дастурида терма жамоамиз вакили Аброр Атабаев -55 килограмм вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. Юртдошимиз ярим финалда мусобақанинг бўлажак ғолиби озарбайжонлик Ниҳат Маммадалига имкониятни бой бериб қўйган эди. Бронза медали учун курашда эса туркиялик Сейитчан Бейтекиндан устун келди.

Бугун ўтказилган сўнгги саралаш беллашувлари якунига кўра Асад Баҳромов (-49 кг.) финал йўлланмасини қўлга киритди. Унинг олтин медаль учун курашдаги рақиби қозоғистонлик Саматбек Изимгали бўлади. Шунингдек, эртага Амирбек Султонов (-60 кг.) бронза медали учун ўтиш беллашувида иштирок этади.

3 Avgust, 2019|Янгиликлар|