МОҚда енгил атлетика ва замонавий бешкураш федерацияларининг ҳисоботи тингланди

Токио Олимпиадасига тайёргарлик бўйича барча жабҳада катта ишлар олиб борилмоқда. Шубҳасиз, яқинлашиб келаётган Олимпиада ҳар куни спорт жамоатчилигининг диққат-марказида бўлиб турибди. Бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган дастурлар бўйича ишлар олиб борилмоқда. Унга кўра, юртимизда фаолият кўрсатаётган Олимпия ўйинлари дастуридаги ҳар бир федерация Токио Олимпиадасига тайёргарлик бўйича ҳисобот топшириши давом этади. Бугун МОҚда иккинчи бор ана шундай ҳисобот тингланди. Унда Ўзбекистон енгил атлетика ва замонавий бешкураш федерацияларининг тайёрлаб келган иши кўриб чиқилди.

Тадбирни Ўзбекистон МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов олиб борди. Унда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси масъул ходими Шавкат Султонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов, федерация ва ассоциациялар раҳбарияти ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Дастлаб енгил атлетика федерациясининг иши кўриб чиқилди. Ҳисоботни федерация Бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов ўқиб эшиттирди. К.Рўзимуҳаммедов тақдимоти давомида атлетларимизнинг Токио Олимпиадасига олиб бораётган тайёргарлиги, лицензияга даъвогар, саралаб олинган спортчиларимиз ва уларнинг кўрсаткичларини таҳлил қилиб берди. Шундан сўнг замонавий бешкураш федерацияси Бош котиби Ксения Гулямова ҳам федерация фаолияти билан яқиндан таништирди. Ҳисоботлар кўриб чиқилгач соҳада эришилаётган ютуқлар, камчиликлар хусусида атрофлича мулоҳазалар билдирилди. Ўз навбатида ҳали бу спорт турлари бўйича Токио Олимпиадасига лицензия қўлга киритилмагани борасида ҳам танқидий саволлар ҳам қолиб кетмади.

Йиғилиш сўнгида Рустам Шоабдураҳмонов терма жамоаларнинг моддий-техник базаларини яхшилаш, халқаро ўқув-машғулот йиғинларини самарали йўлга қўйиш ва ҳар бир спортчининг ижтимоий, руҳий ҳолатини чуқур ўрганиб чиқиш бўйича кўрсатма берди.

1 Avgust, 2019|Янгиликлар|