МОҚда юртимиздаги етакчи фармацевтика корхоналарининг мутасаддилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

Спортчиларимизни Токио Олимпиадасига ҳар томонлама пухта тайёрлаш Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг айни пайтдаги энг асосий вазифасидир. Сир эмаски, айни замонда спорт соҳасида нафақат атлетлар, балки спорт тиббиёти ва фармакологияси борасида ҳам кескин рақобат кечмоқда. Бугун Миллий олимпия қўмитасида Республикамиздаги етакчи фармацевтика корхоналарининг вакиллари билан учрашув ўтказилиб, унда МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) раҳбарияти ва профессорлари, ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди. Тадбирни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов олиб борди ва соҳадаги камчиликлар борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Мана, Токио Олимпиадасига ҳам роппа-роса 1 йил қолди. Келаси йил шу куни барчанинг эътибори Японияда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига қаратилган бўлади. Биз Олимпиада йўлланмасига даъвогарлик қилаётган 400 нафар спортчимизни саралаб олдик ва уларни муносиб тайёрлаш борасида катта ҳамжда иш олиб борилмоқда. Об-ҳавони кўриб турибсиз. Мана шу иссиқда атлетларимиз кунига 2 маҳал машғулот ўтказишмоқда. Уларнинг ҳар бир машғулотга физиологик жиҳатдан тўлиқ тикланиб олишида, бундай жазирамада самарали шуғулланишида тиббий препаратларнинг ўрни беқиёс. Биздаги энг катта муаммолардан бири терма жамоаларимизда шифокор, диетолог, массажчи ва фармакологнинг етишмаслиги. Ўйлайманки, бугунги йиғилишимиз камчиликларимизнинг бир қисмини бўлса-да бартараф этади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

МОҚ раҳбари йиғилиш иштирокчиларини Токио Олимпиадасига тайёргарлик учун ишлаб чиқилган тезкор режа билан таништирди. Тадбир давомида РСТИАМ директори, профессор Абдушукур Содиқов ҳам соҳада оқсаётган жиҳатлар ва уларни бартараф этиш юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди. Ўз навбатида ташриф буюрган мутасаддилар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

23 Iyul, 2019|Янгиликлар|