Икки дзюдочимиз бронза медали учун ўзаро кураш олиб боришади

Венгриянинг Будапешт шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при мусобақасининг иккинчи кун беллашувлари давом этади. Эътиборлиси, ушбу кун дастури ҳам терма жамоамиз учун муваффақиятли якунланадиган бўлди.

-73 килограмм вазн тоифасида иштирок этаёган Ҳикматиллоҳ Тўраев ҳамда Ғиёсжон Бобоев мусобақанинг бронза медали учун ўзаро кураш олиб боришади. Тўраев мусобақа доирасида дастлаб Мексика, Венгрия, Греция вакилларидан устун келиб, ярим финалда косоволик Акил Гяковага шидолар бўйича имкониятни бой бериб қўйди. Бобоев эса чорак финалда мағлубиятга учрагач, ўтиш баҳсидаги ғалабаси эвазига шоҳсупага кўтарилиш имкониятини қўлга киритди.

Шу тариқа икки дзюдочимиз Гран-прининг бронза медали учун ўзаро тўқнаш келадилар. Бу вазият терма жамоамиз ҳисобида яна бир бронза медали бўлишини таъминлайди. Эслатиб ўтамиз, кечаги куни дастурида Шаҳрам Аҳадов (-66 кг) шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган эди.

13 Iyul, 2019|Янгиликлар|