Тонгни хушхабар билан қарши оламиз: Универсиадада дастлабки олтин ва кумуш медаль қўлга киритилди

Италиянинг Неаполь шаҳрида талабалар ўртасида Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари ўтказилмоқда. Мазкур мусобақанинг навбатдаги кун дастури терма жамоамиз учун муваффақиятли якунланди.

Эркаклар ўртасида жуфтлик йўналишида иштирок этган Санжар Файзиев ҳамда Ҳумоюн Султонов делегациямизнинг дастлабки олтин медалига эгалик қилишди. Ҳамюртларимиз ҳал қилувчи баҳсда кореялик ракетка усталарига қарши кортга чиқиб 7:6, 4:6 ва 10:5 ҳисобида устун келдилар.

Шунингдек, таэквондочимиз Ниёз Пўлатов ҳам делегациямиз ҳисобига дастлабки кумуш медални тақдим қилди. -63 килограмм вазн тоифасида даянга чиққан Пўлатов Хорватия, Италия, Туркия, Хитой терма жамоаси вакилларини мағлуб этиб финалгача етиб келди. Бироқ олтин медаль учун кечган муросасиз жангда эронлик рақибига имкониятни бой бериб қўйди. Таъкидлаш жоиз, беллашувнинг асосий вақти 10:10 ҳисобида якунланди. “Олтин очко” учун қўшиб берилган вақтда ҳамюртимиз 2 очколик зарбани ўтказиб юборди.

Шу тариқа делегациямиз ҳисобидаги медаллар 1 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронзани ташкил қилмоқда.

13 Iyul, 2019|Янгиликлар|