МОҚ президенти Россия спорт вазири билан учрашди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов Россия Федерацисига ташрифи доирасида Россия олимпия қўмитаси раҳбари билан учрашгани ҳақида хабар берган эдик. МОҚ раҳбари ушбу ташриф давомида Россия спорт вазири Павел Колобковнинг ҳам қабулида бўлди.

Учрашув давомида ҳар икки томон ўзаро ҳамкорлик борасида қатор лойиҳалар хусусида келишувга эришишди.

Россия ва Ўзбекистон узоқ йиллик мустаҳкам алоқаларга эга ва биз бу ҳамжиҳатликни давом эттиришга тайёрмиз. Россия спорт вазирлиги ва Россия олимпия қўмитаси Ўзбекистон томонининг Россия спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик қилиш борасида 2019 йил учун тузилган ҳаракат режасини маъқуллайди. Мазкур лойиҳа ҳудудларда спортдаги илм-фан ютуқлари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ахборот алмашинуви, спорт ва бошқа йўналишлар бўйича тадбирлар ташкил қилиш тажрибаси, шунингдек, икки Миллий олимпия қўмиталари ўртасида чуқур ҳамкорлик қилиш имкониятини яратади”, – деди Россия спорт вазири Павел Колобков.

Учрашув мобайнида ўзбекистонлик спортчиларнинг катта мусобақаларга тайёрланиши учун Россия спорт вазирлигига қарашли спорт базалари тақдимоти кўрсатилди. Ташриф давомида Р.Шоабдураҳмоновга МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори, профессор Абдушукур Садиков ҳамроҳлик қилди ва Россиядаги спорт тиббиёти соҳаси мутахассислари билан тажриба алмашди. Учрашув сўнгида Россия спорт вазирига Ўзбекистон МОҚнинг эсдалик совғалари тақдим қилинди.