“Халқаро Олимпия куни”га бағишланган матбуот-анжумани бўлиб ўтди

Айни кунларда бутун Республикамиз бўйлаб спорт ҳафталиги ҳавоси кезиб юрибди. 6 июль куни Ўзбекистонда “Олимпия куни” катта шодиёна билан нишонланади. Бугун пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” муз саройида мазкур тадбир олдидан матбуот-анжумани бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Анжуман бошида Ж.Матчанов мазкур куннинг аҳамияти ва тадбир режаси хусусида гапириб берди.

“Бу кун бутун дунёда катта байрам сифатида нишонланади. Буни ташкил қилишимиздан мақсад барчани оммавий спортга жалб қилиш, жисмоний маданиятни тарғиб қилиш, халқимизга Олимпиада ва жаҳон чемпионатида совриндор бўлган юлдуз спортчиларимизни янада танитишдир. Эртага “Ҳумо арена”да бўлиб ўтадиган асосий гала-концертга келадиган меҳмонлар “Олимпия куни”нинг ҳақиқий шукуҳини ҳис қилишлари мумкин. Арена ёнида кўплаб спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлар тайёрлаб қўйилади. Майдон атрофидаги ҳар бир ердан спорт тарғиботи йўлида унумли фойдаланишга ҳаракат қилдик. Вилоятларда ўтказилаётган флэшмоблар Бухоро вилоятида бошланди. Шундан сўнг Хоразм, Самарқанд ва мана бугун Андижон вилоятида оммавий спорт тадбири тарзида ўтказилмоқда. Бугун кун давомида ва эртага қолган ҳудудларда ҳам ушбу кунга бағишланган тадбирлар бўлиб ўтади. Бутун Республикамиз бўйлаб 300 мингдан зиёд инсон мазкур спорт тадбирида иштирок этиши кутилмоқда”, – деди Жасур Матчанов.

Ўз навбатида Ойбек Касимов ҳам “Олимпия куни” тарихи, ўтказилиш тартиби бўйича қўшимча қилиб ўтди.

“Илгари бу кун “Олимпия югуриш куни” тарзида ўтказилган. Яқин йиллардан бери “Олимпия куни” сифатида нишонлаб келинади. Олимпия куни 23 июнга тўғри келса-да, деярли ҳеч қайси мамлакат байрамни бу санада нишонламайди. Анъанага кўра давлатлар байрамни ўзлари учун қулай қилиб 23 июндан аввал ёки кейин нишонлаши мумкин. Ҳақиқатдан ҳам бу йилги “Олимпия куни” ўзгача руҳда ташкил қилинмоқда. Ҳали бунақа катта масштабдаги спорт тадбири ўтказилмаган. Кейинчалик бу билан чекланиб қолмаймиз ва “Олимпия куни” буёғига шундай катта спорт тадбири сифатида нишонланади”, – деди Ойбек Касимов.

Анжуман давомида журналистлар “Олимпия куни” ўтказилиши, унга кўрилган тайёргарлик ва эртага “Ҳумо арена”да бўлиб ўтадиган байрам дастурига оид ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Таъкидлаш жоиз, “Халқаро Олимпия куни” биринчи марта бутун республикамиз миқёсида “Умуммиллий халқ сайли” сифатида нишонланмоқда. 5 июль куни Тошкент шаҳридаги “Эко боғ”, “Сеул-эко” боғи, “Сойбўйи” сайилгоҳи, Амир Темур ва бошқа марказий кўчалар бўйлаб енгил атлетика, дзюдо, таэквондо, мини-футбол, стол тенниси, армрестлинг, от спорти, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, велоспорт турлари бўйича турли мусобақа ҳамда флэшмоблар ташкил қилинган. Энг асосий байрам дастури эса 6 июль куни соат 19:00 да “Ҳумо арена” муз саройида ўтказилади. Унда меҳмонларни таниқли спортчиларимиз ва эстрада юлдузлари иштирокида бадиийлаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда катта гала-концерт кутмоқда.