Жаҳон гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитинага

Бугун жаҳон спортининг афсонаси, Барселона-1992 Олимпия ўйинлари чемпиони, Пекин-2008 Олимпия ўйинлари кумуш медаль совриндори, уч карра жаҳон чемпиони, Европа чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Дўстлик”, “Меҳнат Шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденларининг соҳибаси, жаҳон гимнастикаси тарихида еттита ёзги Олиимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона спортчи Оксана Чусовитина 44 ёшни қарши олмоқда.

Оксана Александровна, Сизнинг шахсий ҳаёт ва спортдаги фаолиятингизда ёш авлодга намуна қилиб кўрсатгудек бой тажриба бор. Сиз метин ирода соҳиби, ҳақиқий спорт афсонаси ва меҳрибон онасиз.

Шу ёшингизда ҳам тиниб-тинчимасдан юртимиз байроғини баланд кўтаришдан чарчамаяпсиз ва бундай натижаларингиздан барча юртдошларимизнинг қувончи чексиз. Қалбингизда Токио Олимпиадасида иштирок этиб, унинг олтин медалини қўлга киритишдек ният жўш урмоқда. Сизнинг мана шундай эзгу мақсадингиз ушалишини, оламшумул ғалабаларингиз билан жаҳон гимнастикаси мухлислари, халқимиз ва Президентимизни хушнуд этишда давом этишингизни тилаб қоламиз.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Сизни бугунги таваллуд айёмингиз билан муборакбод этиб қолади. Сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, омад ва зафарлар ёр бўлсин!

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси

19 Iyun, 2019|Янгиликлар|