Жаҳон кубогида муносиб иштирок этган самбочиларимиз МОҚ томонидан тақдирланишди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Жаҳон кубогида зафарли қатнашган самбочиларимиз ғалабаси шарафига тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, МОҚ раҳбарияти, Ўзбекистон самбо федерацияси мутасаддилари, спортчилар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Анжуман давомида Умид Аҳмаджонов самбо спортининг юртимиздаги ривожланиши ва спортчиларимизнинг сўнги пайтларда эришиб келаётган ютуқларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Биз янги раҳбарият билан самбонинг юртимизда янада ривож топиши учун янгидан янги ғоя ва методлар устида иш олиб борамиз. Хабарингиз бор, самбо кураши Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинди. Бу эса келажакда самбонинг Олимпия ўйинлари дастурига киритилиши мумкин дегани. Умид қиламизки, сизлар мана шундай муваффақиятли иштирок этишда давом этиб, катта ғалабаларингиз билан бизларни янада хушнуд қилишда давом этасиз”, – деди Умид Аҳмаджонов.

Эслатиб ўтамиз, 22-23 март кунлари Москвадаги “Лужники” Олимпия спорт комплексида спортнинг самбо тури бўйича Жаҳон кубоги бўлиб ўтган эди. Ушбу мусобақада юртимиз шарафини 13 нафар спортчи ҳимоя қилди. Умумий ҳисобда вакилларимиз 2 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 13 та медаль жамғариб, жанговор самбо йўналишида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритишган.

Мусобақада олтин медални Зафар Аллаберганов (-68 кг, жанговор самбо) ва Сирожиддин Анорқулов (-57 кг, жанговор самбо) қўлга киритган бўлса, Бекзод Нурматов (-82 кг, жанговор самбо), Зарнигор Ўрмонова (-56 кг), Шерзод Расулов (-62 кг), Истам Қудратов (-74 кг), Ҳакимжон Исмаилов (+100 кг, жанговор самбо) ва Неъмат Ёқубов (-90 кг) кумуш медаль эгаси бўлишди. Шунингдек, Улуғбек Раҳмонов (-82 кг), Зуҳрахон Маъмуржонова (-52 кг), Тимур Худойқулов (-68 кг), Абдикеримов Икром (-52 кг) ва Жалолов Аббос (-74 кг) шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилган.

Мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, шунингдек, уларнинг мураббийлари МОҚ томонидан Samsung Galaxy Tab планшети ва диплом билан тақдирланишди.

Зафар Аллаберганов (4 карра Осиё чемпиони, 2 карра Жаҳон кубоги ғолиби, Осиё ўйинлари чемпиони): “Сенинг ғалабангга баҳо беришлари доимо ёқимли. МОҚ бизни шунчалик қўллаб-қувватлаётганидан мамнунман. Буларнинг барчаси бизни янада янги ғалабаларни қўлга киритишга ундайди. Айтиб ўтилганидек, самбо олимпия ўйинлари дастурига киритилишига жуда яқин турибди. Биз ушбу воқеани сабрсизлик билан кутмоқдамиз. Келажакда Олимпиада шоҳсупасига ҳам кўтирилиш ниятидамиз. Ҳозирги пайт Жанубий Кореяда ўтадиган жаҳон чемпионатига қизғин ҳозирлик кўрмоқдамиз. Насиб қилса, унда ҳам чемпионликни қўлга киритиб келамиз”.

17 Aprel, 2019|Янгиликлар|