ОАВ вакилларини ўзбек футболининг янги китоб-энциклопедияси тақдимотига таклиф этамиз

Эртага 16 апрель куни соат 10:30 да Миллий олимпия қўмитасининг мажлислар залида таниқли футбол фахрийси, ўзбек футбол шарҳловчилиги мактаби асосчиларидан бири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, “Олтин қалам” миллий мукофоти лауреати Ахбор Имомхўжаев янги китобининг тақдимотини ўтказади.

Ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишлаб ёзилган “Аср футболидаги асл қадрдонларим” номли китоби Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси кўмаги остида нашрдан чиқди.

800 саҳифадан иборат ушбу китобда ўзбек футболига оид кўплаб тарихий материаллар, хотиралар, қизиқарли фактларни кўришимиз мумкин. Шунингдек, унда футболимиз тарихида ёрқин из қолдирган мураббий, футболчи, мутахассис ва спорт журналисти сифатида фаолият олиб борган машҳур инсонлар ҳақида ҳам қатор қимматли маълумотлар учрайди.

Ахбор Рустамович ушбу китоб устида роппа роса 12 йил ишлади. Ўзбек футболи энциклопедияси, деб аташ ҳам мумкин бўлган мазкур китобнинг чоп этилиши нафақат муаллиф ҳаёти, балки ўзбек футболи тарихида ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳурматли ОАВ вакиллари, сизларни ушбу китобнинг тақдимот маросимида иштирок этишга таклиф этамиз!

15 Aprel, 2019|Янгиликлар|