Миллий олимпия қўмитасида белбоғли кураш вакиллари билан учрашув ташкил қилинди

Миллий олимпия қўмитасида белбоғли кураш вакиллари билан учрашув ташкил қилинди

Бугун, 26 февраль куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон белбоғли ва бел олиш кураши вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
 
Унда Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, МОҚ Бош котиби Жасур Матчановлар иштирок этишди.
 
Йиғилишда шунингдек, халқаро белбоғли кураш федерацияси президенти Рустам Исоқов ҳам қатнашди. Кун тартибидаги асосий масала кураш федерациялари ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кучайтириш ва бир мақсад йўлида бирлашиш тизимини ишлаб чиқишдан иборат эди.
 
Чунки, сизга яхши маълум, курашнинг бир қатор турлари бўйича федерациялар мустақил равишда фаолият юритади. Белбоғли кураш, бел олиш кураши, миллий кураш, сирим кураши, шунингдек, спорт курашлари (эркин ва юнон-рум кураши). Умуман, яккакурашларда спорт федерациялари кўплигини ҳисобга олиб, МОҚ қошида Умид Аҳмаджонов ташаббусига биноан шарқ яккакурашлари департаменти ташкил қилинмоқда. Ушбу федерацияларнинг барчаси ана шу департаментга аъзо бўлиши лозим. 
 
 
Учрашувни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ишни тўғри ташкил қилиш, натижалар самарадорлигини ошириш тизимини яратиш ва хар бир кураш спорт турларини битта мақсад сари бирлаштириш, пировардида эса Олимпия терма жамоалари учун муносиб курашчилар, полвонлар етиштириб беришни таъминлашдан  иборат эди. Учрашув давомида Умид Аҳмаджонов федерация вакилларидан, мураббийларидан уларни қийнаётган муаммолар ҳақида сўради. Улар ҳам ўз навбатида спорт турларини янада ривожлантириш бўйича таклифлар билдирдилар. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, учрашувда федерациялар фаолияти танқидий рухда кўриб чиқилди. Бундан буён мамлакатда спорт тараққиётига тўсқинлик қиладиган, ҳалал берадиган шахсларга халқаро меъёрий ҳужжатлар асосида санкциялар қўлланилиши, тегишли чоралар кўрилиши, ҳаттоки умрбод спортдан четлатиш тизими ишлаб чиқилаётганини ҳам МОҚ Президенти маълум қилиб ўтди. Бу борада ҳуқуқшунослар халқаро нормалар асосида тегишли меъёрий ҳужжатларни тайёрлашмоқда.
 
 
«Бундан буён спортимиз ривожига тўсқинлик қилувчи «мутахассислар»ни қаттиқ жазолаймиз. Бунинг учун халқаро талабларга мос келадиган алоҳида меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилмоқда», – деди МОҚ Президенти.
 
Мақсад битта: якдил оила бўлиб, ўзбек спорти ривожини таъминлаш, мамлакатимиз спортининг обрўсини жаҳонда кўтариш ва энг муҳими Олимпия ўйинларига қадар муносиб спортчиларни терма жамоаларимизга етказиб бериш.
15 Mart, 2018|Янгиликлар|