ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ОЛИМПИЯ ҚЎМИТАСИ

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси нодавлат — нотижорат ташкилоти бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Халқаро Олимпия Қўмитаси Олимпия Хартияси ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Устави асосида амалга оширади. 

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: 

  • Ўзбекистонда Олимпия харакатини ривожлантириш, олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш;
  • Республика спорт делегацияларининг Олимпиада, Осиё, Бутунжаҳон ёшлар ўйинларида вакили бўлиш;
  • Халқаро Олимпия Қўмитаси, Осиё Олимпия Кенгаши, бошқа мамлакатлар миллий олимпия қўмиталари, халқаро спорт федерациялари ва уюшмалари билан қалин ҳамкорлик қилиш, ХОҚнинг «Олимпия бирдамлиги» дастурида иштирок этиш;
  • Республика, аҳолисини жисмоний ва маънавий тарбиялашга, жисмоний тарбия ва спорт, айниқса, миллий спорт турлари, ногиронлар ўртасида спортни ривожлантиришга ҳар тарафлама кўмаклашиш;
  • Мамлакат терма жамоалари ва спорт захираларини тайёрлашда давлат, жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларига кўмаклашиш;
  • Ёшларни бошқа мамлакатлар спортчилари билан дўстлик ва биродарликни мустаҳкамлаш, мусобақаларда ҳалол спорт кураши олиб бориш, рақибига олижаноблик билан муносабатда бўлиш тамойиллари асосида тарбиялаш;
  • Ўзбекистон спортчилари ютуқларини кенг тарғиб этиш;
  • Спорт кадрлари ўртасида тажриба айрибошлаш, улар малакаларини ошириш учун анжуманлар, семинарлар ташкил этиш.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг тенг хуқуқли аъзосидир. 

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси таркиби қуйидагилардан иборатдир: 

  • Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Президенти, Бош котиби, вице-президентлар ва аъзолардан;
  • Олимпия ўйинлари дастурига киритилган миллий спорт федерациялари вакилларидан;
  • Cпортнинг олимпия турлари бўлмаган ҳамда миллий спорт федерациялари вакилларидан;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт ташкилотлари вакилларидан;
  • Жисмоний тарбия ва спорт давлат бошқаруви органлари, кўнгилли спорт жамиятлари вакилларидан;
  • Олимпия ўйинлари иштирокчилари бўлган спортчилар вакилларидан ҳамда бошқа алоҳида шахслардан иборатдир.

Қуйидагилар Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг раҳбар органлари ҳисобланади: 

  • Бош ассамблея;
  • Ижроий қўмита;
  • Ижроий қўмита бюроси.

Бош ассамблеялар оралиғида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси фаолиятига Ижроий қўмита раҳбарлик қилади. 

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг қуйидаги доимий комиссиялари мавжуд: 

  • Атлетлар комиссияси;
  • Аёллар ва спорт комиссияси;
  • Спорт ва атроф муҳит комиссияси.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳузурида Олимпия академияси ташкил этилган.