Янгиликлар 2017 йил
23.12.2017 14:03:00

Миллий олимпия қўмитасида “Спортда допингга қарши кураш” мавзусида семинар бўлиб ўтди

Хабар бериб ўтганимиздек, 21-23 декабрь кунлари Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси спортнинг ушбу тури мураббий ва мутахассислари учун халқаро семинар ўтказди. Пойтахтимиздаги “Миран” меҳмонхонасининг анжуманлар зали семинарнинг дастлабки икки кунига мезбонлик қилди. Унга халқаро экспертлар ҳам таклиф этилган бўлиб, улар оғир атлетикага оид турли мавзуларда назарий машғулотлар ўтказишди. 


Жумладан, сербиялик Милан Михайлович “Миллий федерацияларда спорт администрацияси” ва “Оғир атлетика бўйича техник қоидалар” мавзуларида семинар тингловчиларига сабоқ берган бўлса, россиялик Владимир Салтиков икки кун давомида асосан ҳакамлар билан ишлади. Шунингдек, Минтақавий антидопинг агентлиги (МАДА) вакили қозоғистонлик Кулман Нисанбаева ҳам семинарга таклиф этилган эди. 


Семинарнинг сўнгги куни Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтди. “Спортда допингга қарши кураш” мавзусида ташкил этилган анжуманга нафақат оғир атлетика, балки олимпия оиласига таълуқли бошқа спорт федерация ва ассоциациялар бош котиблари, терма жамоа бош мураббийлари ва жамоа шифокорлари ҳам талкиф этилишганди. 


Тадбирни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов сўзга чиқиб, допингга қарши кураш масаласи бугунги кунда ниҳоятда долзарб мавзу эканлигига урғу берди. 


Шунингдек, жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантиришга доир давлатимиз раҳбарининг 9 та қарор ва фармонлари эълон қилингани, ушбу ҳужжатлар асосида юртимизда нафақат профессионал, балки оммавий спортнинг ривожланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши, энг нуфузли халқаро мусобақаларда юрт шаънини улуғлаётган спортчи ва мураббийларимиз рағбатлантириб борилиши хақида гапирди. 


Семинарга махсус таклиф этилган қозоғистонлик халқаро эксперт Кулман Нисанбаева эса ўз маърузасида спортда допинга қарши курашиш масалалари, спортчилар овқатланиш рационини тўғри шакллантириш, тақиқланган тиббий препаратлар мавзусида нутқ сўзлади. Тан олиш лозим Минтақавий антидопинг агентлиги вакилининг маърузаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. 




Семинар якунида Ойбек Касимов халқаро экспертлар Милан Михайлович (Сербия), Владимир Салтиков (Россия) ва Кулман Нисанбаева (Қозоғистон)ларга миннатдорчилик изҳор этиб, Миллий олимпия қўмитаси номидан эсдалик совғаларини топширди. Шу тариқа Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси томонидан ташкил этилган уч кунлик халқаро семинар якунланди.