Янгиликлар 2017 йил
13.12.2017 14:29:00

Қиличбозлик спорти мураббийлари учун “Олимпия бирдамлиги” дастури асосида ўтказилган ўқув-техник курслар якунланди

Хабар бериб ўтганимиздек, 4 - 12 декабрь кунлари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси билан ҳамкорликда спортнинг ушбу тури мураббийлари учун ўқув-техник семинарини ўтказди. Мазкур семинар Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ)нинг “Олимпия бирдамлиги” дастури асосида ташкил этилди.  


Семинарни олиб бориш учун пойтахтимизга Россия Федерацияси ва Швециялик халқаро экспертлар Александр Машин ва Игорь Чикинёвлар таклиф этилишганди. Бир ҳафта давомида экспертлар ўзбекистонлик ёш мураббийлар учун назарий ва амалий машғулотлар ўтказишди. Семинар дастури замонавий босқичда юқори тоифадаги спортчиларни тайёрлаш масаласида назарий машғулотлар билан биргаликда, қиличбозлик спортининг шпага ва сабля йўналишларида техник ва тактик тайёргарлик, шунингдек, мураббийларнинг профессионал малакасини халқаро талаблар даражасида ошириш масалаларини ҳам қамраб олди. 


Семинар давомида мураббийлар шунингдек, спортчиларни мусобақаларга руҳий жиҳатдан тайёрлаш назарияси, ҳужум ва ҳимоядаги фаол ҳаракатлар, спортчини руҳлантириш каби масалаларда янги кўникмалар ҳосил қилиб, назарий билим ва даражаларини ошириш имконига эга бўлишди. 


Семинарнинг сўнгги кунида Миллий олимпия қўмитасида ўқув курсларнинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди ва унда халқаро экспертлардан таҳсил олган ёш мураббийларга Халқаро олимпия қўмитаси Президенти Томас Бах имзоси билан махсус Сертификатлар топширилди. 


Ёпилиш маросимида сертификатларни ўз эгаларига Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва халқаро эксперт Александр Машинлар топширишди. 


Тадбир ниҳоясида россиялик меҳмонга Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг эсдалик совғалари топширилди. 



Таъкидлаш лозимки, мазкур семинарнинг ўтказилиши мамлакатимизда қиличбозлик спортининг жадал суратлар билан ривожланишига туртки бўлиш билан биргаликда, орттирилган тажриба ва кўникмалар мураббийларга иқтидорли спортчиларни тарбиялаш, терма жамоаларимизга муносиб номзодларни тайёрлашда қўл келади. 


Маълумот учун, Миллий олимпия қўмитаси 1997 йилдан бери спорт кадрлари малакасини ошириш йўлида шу каби семинарларни ўтказиб келмоқда. Ортда қолган давр мобайнида МОҚ Халқаро олимпия қўмитаси ёрдамида бадиий ва спорт гимнастикаси, қиличбозлик, баскетбол, спорт курашлари, таэквондо, дзюдо, енгил атлетика, сузиш, волейбол, от спорти, фигурали учиш, ўқ отиш ва бошқа спорт турлари мутахассислари учун 40 дан зиёд ўқув курслари ташкил этди.