Янгиликлар 2017 йил
06.12.2017 17:01:00

Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси биринчи марта катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини умужамоа ҳисобида кучли учликда якунлади

Бир ҳафта давомида АҚШнинг Анахайм шаҳрида ўтказилган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати якунланди. Мусобақанинг сўнгги кунида энг оғир вазндаги полвонлар жаҳон чемпионлиги учун ўзаро кураш олиб боришди. 105 килограммдан юқори вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Рустам Джангабаев даст кўтаришда 200 кг., силтаб кўтаришда 247 кг., иккикурашда 447 кг. оғирликда тош кўтариб тўртинчи ўринни эгаллади. 


Ушбу вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги грузиялик Лаша Талахадзега насиб этди. У иккикурашда 477 кг. оғирликни ўзига бўйсундира олди. Кумуш ва бронза медалларига эса эронлик икки спортчи Саид Алихусайни (454 кг.) ва Бехдад Салимикордасиаби (453 кг.) сазовор бўлишди. 


Ўзбекистонлик атлетлар жаҳон чемпионатида жами 5 та медалга эга чиқишди. Достон Ёқубов олтин медални қулга киритиб, жаҳон чемпионлигини тантана қилган бўлса, ёшлар ўртасида жаҳоннинг икки карра чемпиони Фарходбек Собиров илк маротаба катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медалини қўлга киритди. 


Иван Ефремов терма жамоамиз ҳисобига бир йўла иккита соврин – кумуш ва бронза медалларини қўшиб қўйди. Шунингдек, Адҳамжон Эргашев ҳам бронза медали эгасига айланди. Натижада Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида 54 та мамлакат вакиллари орасида Эрон ва Корея Республикаси терма жамоаларидан сўнг фахрли учинчи ўринни эгаллади. 


Эътиборлиси, терма жамоамиз катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўз тарихида биринчи марта умумжамоа ҳисобида кучли учликка кира олди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси терма жамоамизнинг катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли иштироки билан Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси жамоасини, миллий терма жамоамиз мураббийлар штаби ва спортчиларимизни, шунингдек, юртимиз спорт мухлисларини муборакбод этади. 


Атлетларимизга олдинда турган муҳим мусобақалар III ўсмирлар Олимпиадаси, XVIII Осиё ўйинлари ҳамда Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида ҳам ёрқин ғалабалар ва муваффақиятли иштирок тилайди.