Янгиликлар 2017 йил
05.12.2017 16:07:00

Тошкентда қиличбозлик спорти мураббийлари учун “Олимпия бирдамлиги” дастури асосида ўқув-техник курслар бошланди

Жорий йилнинг 4 - 12 декабрь кунлари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси билан ҳамкорликда спортнинг ушбу тури мураббийлари учун ўқув-техник семинарини ўтказмоқда. Мазкур семинар Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ)нинг “Олимпия бирдамлиги” дастури асосида ташкил этилди. 


Семинарни олиб бориш учун Россия Федерацияси ва Швециялик халқаро экспертлар Александр Машин ва Игорь Чикинёвлар таклиф этилишди. Семинар дастури замонавий босқичда юқори тоифадаги спортчиларни тайёрлаш масаласида назарий машғулотлар билан биргаликда, қиличбозлик спортининг шпага ва сабля йўналишларида техник ва тактик тайёргарлик, шунингдек, мураббийларнинг профессионал малакасини халқаро талаблар даражасида ошириш масалаларини ҳам қамраб олади. 


А. Машин ва И. Чикинёв бошчилигида ташкил этилаётган семинар давомида мураббийлар шунингдек, спортчиларни мусобақаларга руҳий жиҳатдан тайёрлаш назарияси, ҳужум ва ҳимоядаги фаол ҳаракатлар, спортчини руҳлантириш каби масалаларда янги кўникмалар ҳосил қилиб, назарий билим ва даражаларини ошириш имконига эга бўлишади.  


Семинарга таклиф этилган ҳар иккала экспертлар ҳам ўз касбининг моҳир усталари саналишади. Жумладан Игорь Чикинёв бевосита мураббийлик қилган эстониялик Николай Новосёлов шпага бўйича 2010 ҳамда 2013 йилларда яккалик баҳсларида жаҳон чемпионлигига эришган, Европа чемпионатининг икки карра совриндори бўлган. 


Александр Машин эса сабля йўналишида дунёнинг энг кучли мактабларидан саналган Новосибирск шаҳри қиличбозлик мактабида ишлаб келмоқда ва фаолияти давомида бир неча халқаро тоифадаги шогирдлар етиштиргани билан машҳур. 


Республикамизнинг турли ҳудудлари ва пойтахтимиз Тошкентдан эликка яқин мураббий мазкур семинарда иштирок этмоқда. Семинар қатнашчиларининг ҳар бири методик қўлланмалар билан таъминланган. 


Семинар ва техник ўқув курсларининг ёпилиш маросими 2017 йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси биносида бўлиб ўтади. Унда семинарнинг фаол тингловчиларига Халқаро олимпия қўмитаси Президенти Томас Бах имзоси билан махсус Сертификатлар топширилади.  


Мазкур семинарнинг ўтказилиши мамлакатимизда қиличбозлик спортининг жадал суратлар билан ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Семинар давомида орттирилган тажриба ва кўникмалар эса мураббийларга иқтидорли спортчиларни тарбиялаш, терма жамоаларимизга муносиб номзодларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. 


Маълумот учун, Миллий олимпия қўмитаси 1997 йилдан бери спорт кадрлари малакасини ошириш йўлида шу каби семинарларни ўтказиб келмоқда. Ортда қолган давр мобайнида МОҚ Халқаро олимпия қўмитаси ёрдамида бадиий ва спорт гимнастикаси, қиличбозлик, баскетбол, спорт курашлари, таэквондо, дзюдо, енгил атлетика, сузиш, волейбол, от спорти, фигурали учиш, ўқ отиш ва бошқа спорт турлари мутахассислари учун 40 дан зиёд ўқув курслари ташкил этди.