Янгиликлар 2017 йил
05.12.2017 14:51:00

Иван Ефремов жаҳон чемпионатида биттан кумуш ва бронза медалларига эга чиқди

АҚШнинг Анахайм шаҳрида давом этаётган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида бугун 105 кг. вазн тоифасида беллашувлар бўлиб ўтди. Ушбу вазнда чиқиш қилган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Иван Ефремов даст кўтариш машқида 182 кг. натижа билан кумуш медалини қўлга киритди. 


Ҳамюртимиздан 1 килограмм оғирроқ тош кўтарган эронлик Али Хошими олтин медалга сазовор бўлган бўлса, бронза эквадорлик Хорхе Арройо Вальдесга насиб этди. Унинг кўрсатган натижаси 181 кг. бўлди.  


Ефремов шунингдек, силтаб кўтариш машқида 217 кг. тош кўтарди. Иккикурашда ҳамюртимиз қайд этган натижа умумий 399 кг. бўлди. Ушбу натижаси эвазига Иван Ефремов ўз вазн тоифасида учинчи ўринни эгаллаб, бронза медали соҳибига айланди. 


Эронлик спортчи Али Хошими силтаб кўтаришда 221 кг. оғирликни ўзига бўйсундира олди ва иккикураш якунига кўра 404 кг. натижа билан жаҳон чемпионлигини тантана қилди. Кумуш медалига эса латвиялик Артурс Плесниекс эга чиқди. 


Бир кун аввал терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Фарходбек Собиров даст кўтариш машқида дунёнинг энг кучли атлетлари қаторига кириб, кумуш медалини қўлга киритганди. Фарходбек дастлабки уринишида 175 кг. тошга буюртма бериб, уни ортиқча қийинчиликсиз кўтара олди. 


Ёш атлетимиз кейинги уринишларда 177 ва 183 кг. оғирликдаги тошларни ҳам ўзига бўйсундириб якунда ўз вазн тоифасида иккинчи ўринни эгаллади. Ушбу вазн тоифасида олтин медаль эронлик Соҳраб Морадига насиб этди. У Фарходни бор йўғи 1 килограммга ортда қолдира олди. Бронза медалига эса литвалик спортчи Ауримас Дидзбалис эга чиқди. Унинг қайд этган натижаси 176 кг. бўлди. 


Эътиборли томони, Фархобдек Собиров ушбу вазн тоифасида иштирок этган энг ёш атлетлардан бири эди. Аммо шунга қарамай у 20 ёшида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтинга тенг бўлган кумуш медалини қўлга кирита олди. Насиб қилса Токио 2020 Олимпия ўйинларида Собиров ўзининг энг навқирон ёшида бўлади. Демак, кунчиқар юртда ташкил этиладиган ёзги Олимпия ўйинларида Фарходбек Собировдан ҳам умидларимиз катта бўлади. 


Маълумот учун, Фарходбек Собиров шу кунга қадар ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида икки марта ғолибликни қўлга киритган. 2016 йили Грузия пойтахти Тбилиси ва 2017 йилда бўлажак Олимпия ўйинлари мезбони Токиода ҳамюртимиз шарафига мадҳиямиз янграб, музаффар байроғимиз сарбаланд кўтарилганди. АҚШдаги нуфузли мусобақада қўлга киритилган кумуш эса Фархобдек учун катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги илк соврин бўлиб қолади.