Янгиликлар 2017 йил
29.11.2017 15:07:00

FIDE президенти Кирсан Илюмжинов Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди

Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Кирсан Илюмжинов Тошкентга ташриф буюрди ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди. Унинг бошчилигидаги делегацияни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Ўзбекистон Шахмат федерацияси вице-президенти Хусан Турдиалиев кутиб олди. 


Ўзбекистонга уюштирилган сафари давомида мартабали меҳмонга Халқаро шахмат федерацияси маслаҳатчиси Тцукаев Ирисхон Резванович ҳамроҳлик қилди.
Меҳмонлар дастлаб МОҚ биносида жойлашган музейга ташриф буюриб мустақиллик йилларида ўзбек спортчилари эришган ютуқлар билан танишишди. Кирсан Илюмжинов Тошкентга бир неча маротаба ташриф буюрган бўлсада, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси янги биносига биринчи мартта ташриф буюрганини қайд этиб, янги бинода яратилган шароитларга юқори баҳо берди. 



Шундан сўнг МОҚ музокаралар залида меҳмонлар ва мезбонлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу пайтда Илюмжинов ва делегациясининг қаршисидан МОҚ президенти Алишер Султонов, Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов жой олди. 


Учрашув давомида Кирсан Илюмжинов Ўзбекистонлик спортчилар халқаро майдонда бежизга юқори натижалар кўрсатмаётгани ҳақида айтиб, бунинг замирида катта меҳнат ва спортчилар учун яратилган шароит ётганига урғу берди. Мамлакат шахматчиларининг халқаро майдондаги обрўси эса кун сайин ўсиб бораётгани таъкидланди. Шахмат ривожланиши Ўзбекистонда йилдан-йилга ўсиб бораётганидан келиб чиқиб, энди уни алоҳида фан сифатида ўрганиш вақти келгани борасидаги масала ҳам кўтарилди. Шунингдек, юқори мартабали меҳмон томонидан шахмат спорт турини мактаб, ўрта ва олий таълим муассасаларда ўқув дастурига фан сифатида киритиш, Олий ўқув юртларида Шахмат кафедраларини очиш таклифлари киритилди. Бу борада хорижий тажрибадан фойдаланиш ҳам мумкин. Масалан, ўз вақтида Жанубий Африка Республикасида Нельсон Манделла, Молдовада мамлакат президенти Игорь Дадон билан ҳамкорликда катта ҳажмдаги иш олиб борилган. 


Учрашув якунида Алишер Султанов меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди. Ўз навбатида Кирсан Илюмжинов самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор этди. Кейинроқ FIDE президенти олдиндан белгиланган дастурга кўра Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида учрашув ўтказди ва пойтахтдаги болалар шахмат фестивалининг очилишида иштирок этди.