Янгиликлар 2017 йил
21.11.2017 17:08:00

Бутунжаҳон каратэ федерацияси Президенти Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Тошкентга расмий ташриф билан келган Бутунжаҳон каратэ федерацияси (WKF) Президенти Антонио Эспиноз бошчилигидаги делегация меҳмон бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, Эспиноз илк маротаба Марказий Осиё минтақасига келди ва ташрифини айнан пойтахтимиздан бошлади. 


Делегация аъзоларини МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси ўринбосари, МОҚ вице-президенти Фарход Турдиевлар кутиб олишди. Ўзбекистонга уюштирилган сафари давомида мартабали меҳмонга Бутунжаҳон каратэ федерацияси вице-президенти, Генерал-майор Носир Абдул Раззоқ Ал Раззоқи ва WKF Ижроия қўмитаси аъзоси, Саудия Арабистони каратэ федерацияси Президенти Иброҳим Муҳаммад Ал Ганнас ҳамроҳлик қилишмоқда. 


Меҳмонлар дастлаб МОҚ биносида жойлашган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази билан яқиндан танишишди. Айтиш керакки, марказ жаҳон каратэ ташкилоти раҳбарларида катта таассурот қолдирди. Бу ерда спортчилар саломатлигини тиклаш, тиббий кўрикдан ўтказиш, уларнинг функционал ва физиологик ҳолатларини яхшилашга хизмат қиладиган хоналар, махсус лабаратория, бир сўз билан айтганда яратилган шароитларга меҳмонлар юқори баҳо беришди. 


Шундан сўнг Қўмитанинг музокаралар залида икки томон ўртасида учрашув бўлиб ўтди. О. Касимов меҳмонларни қутлар экан, каратэ мамлакатимизда энг оммавий спорт турларидан бири эканлиги, бугунги кунда бутун Республикамиз бўйлаб 50 000 дан зиёд ёшлар спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланиб келаётганлигини маълум қилди. 


Юртимизда спортни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани, бунинг натижаси ўлароқ ўзбекистонлик каратэчилар халқаро майдонда муносиб иштирок этиб, бир қатор нуфузли турнирларда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олишаётганига алоҳида урғу берди. 


Ф. Турдиев эса ўз навбатида Бутунжаҳон каратэ федерацияси раҳбарларини каратэ спорт турининг илк маротаба Токио 2020 Олимпия ўйинлари дастурига киритилганлиги ва олимпия оиласига аъзо бўлгани билан самимий қутлади. Шунингдек, каратэ нафақат спортнинг ушбу тури ватани ҳисобланган Япониядаги Олимпия ўйинларида, балки ундан кейинги Олимпиадаларда ҳам доимий равишда ўйинлар дастуридан ўрин олишига умид билдирди. 


Антонио Эспиноз бунга жавобан Бутунжаҳон каратэ федерацияси кенг кўламда иш олиб бораётгани, каратэни бутун дунёда янада ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш йўлида қатор лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон Мараказий Осиё минтақасида спортнинг ушбу тури юксак даражада тараққий этган мамлакат эканлигини ҳисобга олиб, WKF Президенти Тошкентда Осиё каратэ марказини ташкил этиш таклифи билан чиқди. 


Шунингдек, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси Президенти Аламжон Муллаевнинг нафақат юртимизда, балки бутун минтақада каратэни ривожлантириш йўлида олиб бораётган ишларини юқори баҳолади. 


Токио 2020 Олимпия ўйинларида каратэ бўйича мусобақалар 6 та вазн тоифасида (3 та эркаклар, 3 та аёллар) ташкил этилади. Шунингдек, Ката бўйича 2 та вазн тоифасида (эркаклар ва аёллар) баҳсларда иштирок этишади. Ҳаммаси бўлиб Олимпия ўйинларига каратэ учун 80 та лицензия ажратилади. (ҳар бир вазнда 10 тадан). 


Демак, ўз ўзидан кўриниб турибдики кунчиқар юртдаги Олимпия ўйинларига йўлланма олиш асло осон бўлмайди. Токио татамиларида дунёнинг энг сара каратэ усталари чиқиш қилишади. WKF раҳбари Олимпия ўйинларига лицензиялар турли мусобақаларда жамғарилган рейтинг очколари эвазига қўлга киритилишини маълум қилди. Ана шундай лицензион турнирлар 2018 йилнинг апрель-май ойларидан бошланади ва бутун дунё каратэчилари қимматли рейтинг очколари учун то Олимпия ўйинларига қадар, яъни 2 йил давомида кураш олиб боришади. 


Жаноб Эспиноз Ўзбекистон ҳам каратэ спорт тури жадал суратларда ривожланиб бораётган мамлакат сифатида Токио 2020 Олимпия ўйинларида катта делегация билан иштирок этишидан умидвор эканлигини изҳор қилди. Бунга жавобан Ойбек Касимов бугунги кунда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва бир қатор нуфузли халқаро спорт ташкилотлари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилганлиги, шу жумладан Бутунжаҳон каратэ федерацияси билан ҳам ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, алоқаларни янада мустаҳкамлашдан фақат ҳурсанд бўлишини маълум қилди.  



Учрашув якунида Ойбек Касимов меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди. Ўз навбатида Антонио Эспиноз самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор этар экан МОҚ Президенти ва Бош котибига алоҳида эсдалик совғаларини тақдим этди. 


Маълумот учун, Бутунжаҳон каратэ федерацияси (World Karate Federation, WKF) –Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинган халқаро ташкилот бўлиб, бутун дунёда каратэни ривожлантириш бўйича фаолият олиб боради. Ташкилотга жаҳониннг 192 та миллий федерациялари аъзо бўлган. Штаб-квартираси Мадрид (Испания)да жойлашган. 


Каратэ шунингдек, 2018 йилнинг октябрида Буэнос-Айрес (Аргентина)да бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинлари дастуридан ҳам жой олган. Аргентинада мусобақалар 6 та вазн тоифасида ўтказилади. Ўсмирлар (-61кг -68кг ва +68кг), қизлар эса (-53кг, -59кг ва +59кг) вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришади. Каратэ барча қитъалар ўйинлари дастурида ҳам бор. Осиё ўйинларида каратэ биринчи марта 1994 йил Хиросима (Япония)да тақдим этилган.