Янгиликлар 2017 йил
09.11.2017 09:45:00

Токио 2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича Япония делегацияси билан мемонрандум имзоланди

8 ноябрь куни Миллий олимпия қўмитасида Маидзуру шаҳри мэри Рёзо Татами бошчилигидаги делегация меҳмон бўлди. Ўзбекистон билан тарихий алоқаларни ҳисобга олган ҳолда Р. Татами бошчилигидаги Маидзуру шаҳри маъмурияти ўзбек халқи билан тарихий алоқаларни сақлаб қолиш, келажак авлод вакилларига ҳам ушбу алоқаларни етказиш ва Ўзбекистон билан яқин, дўстона муносабатларни ўрнатишда бевосита иштирок этишга қизиқиш билдирган.    

  

Шу муносабат билан Маидзуру шаҳри маъмурияти Япония ҳукуматига мурожаат қилиб, уларга Олимпия ва Паралимпия ўйинларида «Host town» (қабул қилувчи шаҳар) расмий мақоми берилишини сўради. Япон ҳукумати ушбу аризани маъқуллаб, 2016 йилнинг июнида Маидзуру шаҳрини «Host town» сифатида рўйхатдан ўтказди.

«Host town» дастури доирасида Маидзуру шаҳри Ўзбекистон спортчиларини 2020 йилги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўришлари учун, уларга ташкилий-техник масалаларда барча зарур шароитларни яратиш, айниқса дзюдо ва спорт курашлари бўйича турли ўртоқлик турнирлари, қўшма ўқув машғулот йиғинларини ўтказишни режалаштирмоқда. Шунингдек, бу ҳамкорлик таълим, маданият, туризм ва иқтисодий соҳаларга ҳам таълуқли бўлади.

 

Шу билан биргаликда «Host Town» дастури доирасида Маидзуру шаҳар мэрияси ўзбекистонлик спортчиларни ўқув-машғулот йиғинлари ва қўшма турнирларини Японияда ўтказиши учун сарфланадиган маблағларнинг маълум қисмини қоплашни ҳам таклиф этмоқда.

Хабар бериб ўтганимиздек, жорий йилнинг 4-11 август кунлари Маидзуру шаҳри мэриясининг таклифига биноан Ўзбекистон делегацияси Японияга сафар уюштирганди. Ташриф давомида  Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Спорт курашлари Ассоциацияси Бош котиби Шуҳрат Мамадалиев ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси вице-президенти Шавкат Мўминовлар Маидзуру шаҳар мэри билан спорт курашлари ва дзюдо бўйича терма жамоамиз аъзоларини XXXII ёзги Олимпия ўйинларига тайёрлаш, қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш масаласида музокаралар ўтказиб қайтишганди.

Шунингдек, сафар давомида делегациямиз аъзолари Маидзурудаги мавжуд спорт инфратузилмаси, спорт мажмуаларининг фоалияти билан яқиндан танишишганди. Музокаралар якунларига кўра Маидзуру шаҳар делегацияси ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши хақида келишувга эришилганди.

 

Пойтахтимизга ташрифи давомида Маидзуру шаҳри мэрияси ўзбекистонлик спортчиларни Токио 2020 ёзги Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамда Спорт курашлари Ассоциацияси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни мақсад қилганди.

Меҳмонларнинг пойтахтимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва Маидзуру шаҳар мэрияси ўртасида Токио Олимпиадасида иштирок этадиган спорт курашлари ва дзюдо бўйича терма жамоамиз аъзоларини мусобақа олдидан ўқув машғулот йигинларини Японияда ташкил этиш масаласида музокаралар ўтказилди. Унинг якунларига кўра икки томон ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

 

Учрашув якунида Миллий олимпия қўмитаси Президенти А.Султанов ва Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.  Қурбоновлар Р. Татамига эсдалик совғаларини топширишди. Ўз навбатида  Маидзуру шаҳри мэри илиқ қабул учун миннатдорчилик изҳор этиб, келажакда алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзбекистонлик спортчиларнинг Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришлари учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигини маълум қилди.  

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Олимпия ўйинлари олдидан ўқув-машғулот йиғинларининг мусобақага мезбонлик қилувчи мамлакат ҳудудида ўтказилиши спортчиларимиз учун маҳаллий иқлим ва шароитга мослашиш, қолаверса спортдаги энг муҳим жиҳатлардан бири саналган акллиматизация ва адаптация жараёнини ортиқча қийинчиликсиз енгиб ўтишларида муҳим аҳамият касб этади.

Боз устига дзюдочиларимиз учун спортнинг ушбу тури ватани ҳисобланган мамлакатда машғулотлар ўтказиш, дунёнинг энг кўзга кўринган полвонларига қарши татамига чиқиб, спарринг жангларда иштирок этиш ҳамюртларимиз маҳоратининг янада тобланишига замин яратади.

 

Миллий олимпия қўмитасига ташрифи олдидан меҳмонлар пойтахтимиздаги дзюдо марказида ҳам меҳмон бўлишди. У ерда мамлакатимизда спортнинг ушбу тури билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.

 

Маълумот учун: 2016 йилнинг август ойидан бошлаб Маидзуру шаҳрида Япониянинг сиёсий-жамоат, академик, маданий-гуманитар қатламлари ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва демократик тараққиётига оид турли тақдимотлар, мамлакатимизнинг маданий, тарихий, туризм салоҳиятига доир кўплаб маросимлар фаол ўтказиб келинмоқда.