Янгиликлар 2017 йил
03.11.2017 15:04:00

Томаш Айян: Ўзбекистон оғир атлетика бўйича нафақат Осиёда балки жаҳонда энг қудратли давлатлардан бирига айланиб бўлди

Чехия пойтахти Прагада Миллий олимпия қўмиталари Ассоциациясининг XXII Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Унда Ассоциацияга аъзо барча – 206 та Миллий олимпия қўмиталари вакиллари, Халқаро ва қитъа Олимпия қўмиталари раҳбарлари, Бутунжаҳон спорт федерациялар ва Ассоциациялар мутасаддилари иштирок этишмоқда. Мамлакатимиз номидан Миллий олимпия қўмиталари Ассоциаццияси (МОҚА) Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов қатнашмоқда. 


Чехияга сафари давомида Ойбек Омилович бир қатор Халқаро спорт ташкилотлари, федерация ва Ассоциациялар раҳбарлари билан учрашиши хақида хабар бериб ўтгандик. Режадаги ана шу учрашувлардан бири бугун Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) Президенти Томаш Айян билан бўлиб ўтди. Маълумки, сўнгги йилларда ўзбек оғир атлетика мактаби сезиларли даражада юксалишга эришди. Ойбек Касимов билан суҳбатда айнан шу ҳусусда фикр билдирар экан, Халқаро оғир атлетика федерацияси раҳбари Руслан Нурудиновнинг Рио Олимпиадасидаги зафарли юриши тасодиф эмаслиги, бунинг учун Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мутасаддилари, мураббийлар штаби ва албатта спортчининг ўзи оғир ва машаққатли йўл босиб ўтишганлигига алоҳида урғу берди. 


Ўзбек оғир атлетикасининг бугунги кундаги тараққиётига юқори баҳо берган Томаш Айян 2018 йилда бир йўла иккита нуфузли мусобақа мезбонлиги бежизга Ўзбекистонга ишониб топширилмаганини таъкидлаб ўтди. Келаси йилнинг 20-30 апрель кунлари ўсмирлар ўртасидаги қитъа чемпионати ва 3-14 июль кунлари бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати айнан мамлакатимизда ташкил этилади. Ҳозирда Осиё чемпионатини юртимиз сайёхлик салохиятини янада ривожлантириш мақсадида Урганч шаҳрида ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Жаҳон чемпионати эса пойтахтимиз Тошкентда бўлиб ўтади. Бугунги учрашув давомида ана шу иккита нуфузли мусобақани юқори савияда ўтказиш, ташкилий ишларни ўз вақтида бажариш, мусобақа иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш маслаларида фикр алмашилди. Ўз навбватида Ойбек Касимовнинг таклифига биноан Томаш Айян ана шу мусобақалар давомида Тошкентга ташриф буюришини айтиб ўтди.