Янгиликлар 2017 йил
03.11.2017 12:10:00

Ойбек Касимов Прагада Халқаро олимпия қўмитаси Президенти билан учрашди

Хабар бериб ўтганимиздек, Чехия пойтахти Прагада Миллий олимпия қўмиталари Ассоциациясининг XXII Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Унда Ассоциацияга аъзо барча – 206 та Миллий олимпия қўмиталари вакиллари, Халқаро ва қитъа Олимпия қўмиталари раҳбарлари, Бутунжаҳон спорт федерациялар ва Ассоциациялар мутасаддилари иштирок этишмоқда. 


Мамлакатимиз номидан Миллий олимпия қўмиталари Ассоциаццияси (МОҚА) Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов қатнашмоқда. Чехияга сафари давомида Ойбек Омиловичнинг бир қатор Халқаро спорт ташкилотлари, федерация ва Ассоциациялар раҳбарлари билан учрашуви белгилаб қўйилганди. 


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 октябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларини барпо этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилганди. Унда тегишли қўмита ва мутасаддилар олдига вазифалар белгилаб берилган бўлиб, Халқаро спорт федерациялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилганди. 


Айнан шундан келиб чиқиб Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби МОҚА Бош Ассамблеяси доирасида Халқаро спорт ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувлар ва музокаралар ўтказиши режалаштирилганди. Халқаро олимпия қўмитаси Президенти Томас Бах билан учрашув жараёнида жаҳоннинг энг нуфузли спорт ташкилоти раҳбари Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатиб бораётганлиги, юртимизда спортга давлат томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамҳўрликдан мамнун эканлигини изхор қилди. 


Ана шу эътибор натижасида 2012 йили Лондонда бўлиб ўтган XXX ёзги Олимпия ўйинларидан сўнг ўзбек спортида кескин юксалиш кўзга ташлангани ва бунинг самараси ўлароқ ўзбекистонлик спортчилар Рио-2016 ёзги Олиипия ўйинларида ҳар қачонгидан-да муваффақиятли иштирок этиб, бутун дунёни ҳайратга солишганини эслаб ўтди. Ўз навбатида Ойбек Касимов Халқаро олимпия қўмитаси Президентини Тошкентга расман таклиф қилди. Томас Бах эса бу таклифни мамнуният билан қабул қилиб, 2018-йилги Пьёнгчан (Жанубий Корея)даги қишки Олимпия ўйинлари якунлангач, март ойида пойтахтимизга ташриф буюришини таъкидлаб ўтди. 


О. Касимов Прагада шунингдек, Миллий олимпия қўмиталари Ассоциацияси (МОҚА) раҳбари, Осиё Олимпия Кенгаши Президенти шайх Аҳмад ал Фаҳад ал Сабоҳ билан ҳам учрашди. Мазкур учрашувда томонлар қитъамизда спорт тараққиёти, Олимпизм ғоялари, Олимпия ҳаракатини янада ривожлантириш масалаларида фикр алмашишди. Ал Сабоҳ учрашув жараёнида 2017 йилнинг якунига қадар Тошкентга келишга ваъда берди. 


МОҚАнинг Бош Ассамблеяси бугун ҳам давом этади. Унинг доирасида Ойбек Касимовнинг ХОҚ қошидаги “Олимпия Бирдамлиги” дастури директори Пере Миро, Халқаро сузиш федерацияси (FINA) Президенти доктор Хулио Сесар Маглионе, Бирлашган Кураш дунёси (UWW) Президенти Ненад Лалович, Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) Президенти Томаш Аяйн, Осиё дзюдо Иттифоқи Президенти Обайд ал Анзи, Кураш халқаро Ассоциацияси (IKA) Президенти Ҳайдар Фармон, Халқаро енгил атлетика федерациялари Ассоциацияси (IAAF) Президенти Себастьян Коэ, ушбу ташкилот биринчи вице-президенти Сергей Бубка ва бошқа мутасаддилар билан учрашуви режалаштирилган.