Янгиликлар 2017 йил
09.10.2017 10:00:00

Тошкент Гран-Присида 12 та медаль билан умумжамоа ҳисобида иккинчи бўлдик

Пойтахтимиздаги муҳташам “Ўзбекистон” спорт мажмуаси мезбонлик қилган дзюдо бўйича Тошкент Гран-Приси якунланди. Соврин жамғармаси 100 000 АҚШ долларидан иборат мусобақада дунёнинг 27 та давлатидан жами 183 нафар спортчи иштирок этди. Якунда Ўзбекистон терма жамоаси медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. 


Ҳамюртларимиз 1 та олтин, 2 та кумуш, 9 та бронза, жами 12 та медални қўлга киритишди. Жамоамизга ягона олтин медални -70 кг вазн тоифасида татамига чиққан Гулноза Матниёзова тақдим этди. У финал жангида даниялик Эмилье Соокни мағлубиятга учратиб, олтин медаль соҳибига айланди. 


Ўз вазн тоифаларида Дилшод Чориев ва Ғиёсжон Бобоев кумуш медал билан тақдирланишди. -90кг вазн тоифасида турнирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчимиз Дилшод Чориев финалда тожикистонлик Камроншох Устапирёнга қарши жанг қилди. Асосий вақтларда ғолиб аниқланмагач, спортчилар олтин очко учун баҳс юритишди. Афсуски, 10 дақиқадан ортиқ давом этган "golden score"да вакилимиз огоҳлантириш эвазига мағлубиятга учради ва якунда турнирнинг кумуш медали билан кифояланди. -73кг вазн тоифасидаги спортчимиз Ғиёсжон Бобоев эса финалда қозоғистонлик Жансай Смагуловга имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медали билан тақдирланди. 


Болтабой Болтаев, Шарофиддин Болтабоев, Яҳё Имомов, Шерали Жўраев, Шарофиддин Лутфуллаев, Сардор Нуруллаев, Давронбек Сатторов, Ҳикматиллоҳ Тўраев ва Бекмурод Олтибоев бронза медалига сазовор бўлишди.  


Исроил терма жамоаси 3 та олтин, биттадан кумуш ҳамда бронза медали жамғарган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Кучли ўнталикка шунингдек, Мўғулистон, Польша, Қозоғистон, Словения, Озарбайжон, Беларусь, Австрия ва Тожикистон терма жамоалари киришди. Якунда жами 12 та терма жамоа делегациялари ҳисобида биттадан олтин медаль бўлди.

Манзил: olamsport.com