Янгиликлар 2017 йил
06.10.2017 12:21:00

Тошкентда дзюдо бўйича Гран-При турнири старт олди

Тошкентда дзюдо бўйича Гран-При турнири старт олди
Бугун пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида дзюдо бўйича Гран-При мусобақаси бошланди. Соврин жамғармаси 100 000 АҚШ долларини ташкил этувчи нуфузли мусобақада дунёнинг 27 та давлатидан жами 183 нафар спортчи татамига чиқади. Энг кўп иштирокчи терма жамоамиз таркибида қайд этилган бўлиб, 55 нафар дзюдочи бугундан медаллар учун баҳсларга киришади.  

Мусобақа регламентига кўра мезбон давлат ҳар бир вазн тоифасида тўрт нафар спортчи билан қатнашиши мумкин. Айнан шу имконият ва ваколатдан Ўзбекистон дюздо федерацияси фойдаланди. Бугун эркаклар ўртасида -60 ва -66 кг вазн тоифаларида баҳслар бўлиб ўтади. Куннинг иккинчи ярмида эса айнан мана шу вазнларда ғолиб ҳамда совриндорлар номи маълум бўлади. 

Маълумот учун, Тошкент Гран-Приси 2013 йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Терма жамоамиз аъзолари шу пайтга қадар мусобақада икки марта умужамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашган. 2013 йилги мусобақада 5 олтин, 3 кумуш ва 5 бронза медаллари билан биринчи бўлган ҳамюртларимиз, ўтган йили 6 та олтин, 3 та кумуш ва 11 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида ғолибликни қўлга киритишганди. Эслатиб ўтамиз, Гран-При турнири  8 октябрга қадар давом этади.

Манзил: olamsport.com