Янгиликлар 2017 йил
29.09.2017 17:10:00

Спорт курашлари бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Ашхабоддаги муваффақияти

16-27 сентябрь кунлари Туркманистон пойтахтида бўлиб ўтган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг умумий муваффақиятида спорт курашлари бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг ҳам улуши катта бўлди. Ўзбекистон спорт курашлари Ассоциацияси “Ашхобод 2017” мусобақасига эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича жами 13 нафар спортчини рўйхатга киритганди. Якунда уларнинг 11 таси мусобақа шоҳсупасига кўтарилишди. 


Маълумки, Ўзбекистон спорт курашлари терма жамоаси делегациямиз иштирок этган деярли барча Олимпия ва Осиё ўйинларида совринли ўринларга сазовор бўлиб, мамлакатимиз шуҳратини дунёга танитишда катта ҳисса қўшиб келган.  


Осиё ўйинларида спортнинг ушбу тури бўйича беллашувлар одатга кўра дастлаб эркин кураш бўйича мусобақалардан бошланди. Терма жамоа таркиби Маҳмуджон Шавкатов (-57 кг.), Ихтиёр Наврўзов (-70 кг.), Бекзод Абдураҳмонов (-74 кг.), Умиджон Исманов (-86 кг.) ва Давит Модзманашвили (125 кг.) лар ҳисобига шакллантирилган эди. Улардан учтаси, яъни Маҳмуджон Шавкатов, Бекзод Абдураҳмонов ва Давит Модзманашвили мусобақада барча рақибларини мағлубиятга учратиб якунда олтин медалларни қўлга киритишди. 


Умиджон Исманов финалгача бўлган масофани мағлубиятсиз босиб ўтиб, фақатгина ҳал қилувчи баҳсда имкониятни бой берди ва кумуш медали билан чекланди. Рио 2016 Олимпия ўйинлари совриндори Ихтиёр Наврўзов эса бронза медалига эга чиқди. Демак, ўз ўзидан кўриниб турибдики эркин кураш бўйича терма жамоамиз таркибига киритилган бешта спортчимизнинг барчаси шоҳсупага кўтарилишди. 


Аёллар курашида уч нафар қизимиз ватанимиз шарафини ҳимоя қилишди ва улардан иккитаси бронза медалларига эга чиқишди. Даулетбике Яхшимуратова (-48 кг.) ва Севара Эшмуратова (-53 кг.) делегациямиз ҳисобига бронза медалларини қўшиб қўйишди. 


Юнон-рум курашида гиламга чиққан бешта полвонимиздан тўрттаси совринли ўринларга лойиқ кўрилишди. Исломжон Баҳромов (-59 кг.), Элмурат Тасмурадов (-66 кг.), Арам Варданян (-71 кг.) ва Мўминжон Абдуллаев (130 кг.) ўз вазн тоифаларида бронза медалларига сазовор бўлиб, делегациямизннинг умумий муваффақиятига ҳисса қўшишди. Якунда спорт курашлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 7 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида Эрон ва Хитой термаларидан сўнг фахрли учинчи ўринни эгаллади. 


Полвонларимиз Ашхободда спортнинг ушбу тури анчагина тараққий этган Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Япония, Баҳрайн, Туркманистон каби давлатларни ортда қолдиришгани эътиборга молик.  


Қолаверса, Осиё ўйинлари давомида ёш ва умидли спортчиларимиз Маҳмуджон Шавкатов ва Исломжон Баҳромовлар кўпчилик мутахассисларда илиқ таассурот қолдиришди. Бекзод Абдураҳмонов маҳорат бобида ҳеч бир рақибига имконият қолдирмагани эътирофга сазовор бўлди. Шунингдек, энг оғир вазндаги полвонимиз Давит Модзманашвилининг жангларини кузатар эканмиз, терма жамоамизда жаҳон спорти афсонаси Артур Таймазовга муносиб ворис топилгани яққол намоён бўлди.  


Биз бўлажак нуфузли мусобақалар - 2018 йили Жакарта мезбонлик қиладиган XVIII Осиё ўйинлари ҳамда 2020 йилда Япония пойтахти Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон спорт курашлари Ассоциацияси ва полвонларимиздан муваффақиятли иштирок ва медаллар шодасини кутиб қоламиз.