Янгиликлар 2017 йил
26.09.2017 14:15:00

Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё ўйинларининг эркаклар ўртасидаги баҳсларини умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлади

Ашхабодда давом этаётган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида  оғир атлетика бўйича беллашувлар якунланди. Спортнинг ушбу тури бўйича ташкил этилган баҳсларнинг сўнгги кунида энг оғир вазндаги полвонлар ўз омадларини синаб кўришди. 


105 килограммдан юқори вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Рустам Джангабаев даст кўтаришда 199 кг, силтаб кўтаришда 243 кг, умумий 442 кг. натижа билан Осиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди. 


Рустам энг яқин таъқибчиси туркманистонлик Хожамуҳаммад Тўйчиевни 11 килограммга ортда қолдириб кетгани эътиборга молик. 


Бир кун аввал ўтказилган баҳсларда ҳамюртимиз Иван Ефремов ҳам шоҳсупанинг энг юқорисига кўтарилиб олтин медални қўлга киритганди. -105 кг. вазн тоифасида кураш олиб борган Ефремов умумий 411 кг (190, 221 кг.) натижа билан ишончли тарзда олтин медалига сазовор бўлди ва у ҳам энг яқин таъқибчиси эронлик Али Хошимини роппа роса 10 килограммга ортда қолдиришга муваффақ бўлди.  


Шунингдек, Достон Ёқубов, Улуғбек Алимов, Шаҳзод Худойберганов ва Фарходбек Собировлар ўз вазн тоифаларида кумуш медалга сазовор бўлиб умумий делегациямиз муваффақиятига муносиб ҳисса қўшишди. 


Ана шу тариқа олти вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб борган атлетларимизнинг барчаси совринли ўринларга сазовор бўлишди. Натижада 2 та олтин ва 4 та кумуш медалларига эга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинларининг оғир атлетика бўйича ўтказилган баҳсларида эркаклар ўртасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 9 та олтин ва 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи бўлганди. 


Оғир атлетика бўйича қизлар терма жамоамиз ҳам мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига эга чиқишди. Демак, ўз ўзидан кўриниб турибдики оғир атлетика бўйича терма жамоамиз эркаклар ва аёллар ўртасидаги баҳслар якунига кўра делегациямиз ҳисобига умумий 2 та олтин, 6 та кумуш ҳамда 1 та бронза медалларини қўшиб қўйишди. 


Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида иштирок этган 11 нафар атлетимиздан тўққизтаси якунда совринли ўринларга сазовор бўлди. Ана шу тариқа Туркманистон пойтахтида барчамиз оғир атлетикачиларимизнинг навбатдаги муваффақиятига гувоҳ бўлдик. 


Эркин кураш бўйича терма жамоамизнинг мусобақадаги иштироки ҳам таҳсинга сазовор. Ўзбекистон спорт курашлари Ассоциацияси “Ашхобод 2017” мусобақасига эркин кураш бўйича бешта спортчини рўйхатдан ўтказганди. 


Якунда уларнинг барчаси совриндорлар сафидан жой олишди. Маҳмуджон Шавкатов (-57 кг.), Бекзод Абдураҳмонов (-74 кг.) ва Давит Модзманашвили (125 кг.) мусобақада барча рақибларни мағлуб этиб, олтин медалларга сазовор бўлишди. 


Умиджон Исманов (-86 кг.) ҳам финалга қадар бўлган масофани мағлубиятсиз босиб ўтди. Фақатгина ҳал қилувчи баҳсда эронлик рақибига имкониятни бой бериб кумуш медали билан чекланди. 


– 70 кг. вазн тоифасида гиламга чиққан Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори Ихтиёр Наврўзов эса бронза медалига лойиқ кўрилди. Шунингдек, аёллар кураши бўйича ташкил этилган мусобақаларда иштирок этган Даулетбике Яхшимуратова (-48 кг.) ва Севара Эшмуратова (-53 кг.) лар делегациямиз ҳисобига бронза медалларини қўшиб қўйишди. 


Бугундан мусобақада юнон-рум кураши бўйича баҳслар бошлаб юборилди. Умид қиламизки спорт курашларининг ушбу йўналишида ҳам ҳамюртларимиз зафарли юришларини давом эттиришади. 


Самбо бўйича мусобақада ҳам вакилларимиздан медаллар шодасини кутган эдик. Сарбон Эрназаров (-68кг) тўртта учрашув ўтказди. Туркманистонлик Бегмурат Мередовни финалда мағлуб этиб, чемпионлик унвонига сазовор бўлди. Неъмат Якубов (-90кг) ҳам ҳал қилувчи жангда мезбонлардан бири Руслан Эсгеровдан устун келди ва олтин медаль билан тақдирланди. 


Раҳматжон Аҳмедов (-57кг) туркманистонлик Ахмет Танрибердиевга имкониятни бой бериб, кумуш медаль соҳибига айланди. Лутфилла Сайдаматов (-57кг) ва Истам Қудратов (-74кг) мос равишда туркманистонлик Батир Дурдиев ва Сердар Жўрақулиевни мағлуб этиб, бронза медалини қўлга киритган бўлса, Исломжон Азимов (-100кг) мўғулистонлик Далайдорж Арлунбатни доғда қолдириб, учинчи ўринни эгаллади. 


Қизлар ўртасида Нодира Гулова (-48кг) ва Гулноза Зияева (-60кг) мезбонлар билан баҳсда бронза медалларига сазовор бўлди. 


Теннис кортида Фарруҳ Дўстов ҳиндистонлик Нагал Сумитга ярим финал учрашувида 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди ва бронза медали билан уйга қайтадиган бўлди. 


Артём Козлюк 50 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича 23.47 сония натижа билан маррага учинчи бўлиб келди. Артём Козлюк, Алексей Тарасенко, Хуршиджон Турсунов ва Данил Букиндан иборат квартет эркин усулда 4х50 метрга сузиш бўйича 1:28.79 дақиқа натижа билан бронза медалини қўлга киритди.  


Баскетбол 3х3 бўйича (қизлар ўртасида) мамлакат терма жамоа қизлари Хуснитдинова Елена, Конева Наталья, Аверьянова Ирина ва Саматова Алиялар 4 та учрашув ўтказиб финал баҳсида Тайландлик спортчи қизларга 20:22 ҳисобида мағлуб бўлишди ва кумуш медалини қўлга киритдилар. Финалда Елена Хуснутдинова (8 очко), Наталья Конева (9), Ирина Аверьянова (2) ва Алия Саматова (1) Таиланд терма жамоасига қарши муносиб ўйин намойиш этишди. 


Баҳснинг асосий вақти дуранг (20-20) билан якунланди. Чемпионни аниқлаш учун баҳс “олтин тўп”гача давом эттирилди. Афсуски, омад рақибларга кулиб боқди. Лекин кумуш медаллар ҳам бизда эндигина ўз жойини топишга уринаётган ўйин учун жуда яхши натижа. 


Ярим финалда японларни енгган футзалчиларимизни финалда Эрон терма жамоасига қарши мураккаб баҳс кутиб турибди. Ушбу учрашув бугун соат 19:00да старт олади. Эътиборлиси шундаки, бундай йирик мусобақалар тарихида илк бор жамоавий спорт турларида икки жамоамиз финалга чиқди.  


Айни пайта ўзбекистонлик спортчилар мусобақада 23 та олтин, 30 та кумуш ва 64 та бронза — жами 117 та медаль тўплаб, совринлар сифати бўйича жадвалнинг 4-поғонасидан жой олишган. Медалларнинг умумий сони бўйича оладиган бўлсак, вакилларимиз мезбонлардан сўнг иккинчи ўринда боришмоқда. 


1-ўринда турнир мезбонлари — Туркманистон спортчилари ҳисобида 85 та олтин, 65 та кумуш, 81 та бронза — жами 231 та медаль бор.  

2-ўриндаги хитйолик спортчилар 35-24-22 кўрсаткич билан 81 та медаль тўплашган. 

3-ўриндаги Эрон спортчилари 26-18-59 натижа билан 103 та медаль жамғаришган. Мусобақалар эртага, 27 сентябрь куни ниҳоясига етади.