Янгиликлар 2017 йил
13.09.2017 10:23:00

Оғир атлетикачиларимиз Ашхободга кучли таркиб билан йўл олишмоқда

Туркманистон пойтахтида бўлиб ўтадиган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларининг бошланишига 4 кун вақт қолди. Хабар бериб ўтганимиздек ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон 189 нафар спортчи билан иштирок этади. Ҳозирда деярли барча спорт турлари бўйича терма жамоалар мусобақа олдидан ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларини якунлаб, Ашхобод сафарига жўнаб кетишга шай бўлиб туришибди. 


Эътиборли жиҳати шундаки, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари тарихида биринчи марта 64 мамлакат вакиллари иштирок этишади. Уларнинг 45 тасини Осиё давлатлари ташкил этса, Океания минтақасидан ҳам 19 та мамлакат вакиллари Ашхободдаги мусобақада ўз омадларини синаб кўришади. Мусобақа дастуридан 21 та спорт тури ўрин олган бўлиб, уларнинг 20 тасида ўзбекистонлик спортчилар ҳам ғолиблик учун кураш олиб бориши хақида биз олдинроқ хабар бериб ўтгандик. 


Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кўпгина спорт турларида Ўзбекистон вакиллари мусобақанинг асосий фаворитлари сифатида эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раҳбарияти ҳам Туркманистон пойтахтига кучли таркибни юборишга қарор қилди. Терма жамоамизнинг 11 кишилик таркибида ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорлари, Осиё чемпионлари, нуфузли халқаро турнирлар ғолиблари бор. 


Демак, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида юртимиз шарафини қуйидаги атлетларимиз ҳимоя қилишади: 

Эркаклар терма жамоаси 

-69 кг. Достон Ёқубов – Рио-2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиси, 2017 йилги “Ислом бирдамлик ўйинлари” ва Осиё чемпионатининг бронза медали соҳиби,
-77 кг. Шахзод Худойберганов - 2017 йилги ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби,  
-85 кг. Улуғбек Алимов – “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг кумуш медали совриндори, 
-94 кг. Фарходбек Собиров - 2017 йилги ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионати ғолиби,  
-105 кг. Иван Ефремов – Рио-2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиси, 2017 йилги “Ислом бирдамлик ўйинлари” ва Осиё чемпионатида кумуш медали соҳиби, 
+105 кг. Рустам Джангабаев – Осиё чемпиони, “Ислом бирдамлик ўйинлари” ғолиби ва рекордчиси. 


Қизлар терма жамоаси 

-48 кг. Маҳлиё Тоғоева - 2014 йилги Осиё ўйинлари бронза медали эгаси, 
-58 кг. Муаттар Набиева - 2017 йилги “Ислом бирдамлик ўйинлари” бронза медали эгаси,  
-63 кг. Кумушхон Файзуллаева - 2017 йилги ёшлар ўртасида Осиё чемпионатида олтин медаль соҳиби, 
-75 кг. Омадой Отақўзиева – 2017 йилги “Ислом бирдамлик ўйинлари” ва Осиё чемпионатининг бронза медали совриндори, 
-90 кг. Долера Давронова - 2017 йилги Осиё чемпионати бронза медали эгаси.  


Ашхободда терма жамоамизга уч нафар мутахассис мураббийлик қилишади. Булар: Баҳром Абдумаликов, Баҳрам Мендибаев ва Маҳмуд Тоғоев. Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов Туркманистон пойтахтига Осиё оғир атлетика федерациясининг вице-президенти сифатида ташриф буюради. Шунингдек, Шаҳрилло Шарипович мусобақанинг элит жюрилари қаторида беллашувларга ҳакамлик қиладилар. 


Биз Ашхобод сафарига жўнаб кетаётган делегациямизнинг барча аъзолари қаторида оғир атлетика бўйича терма жамоамизга ҳам мусобақада омад ва зафарлар тилаб қоламиз. Маълумот учун, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида оғир атлетика бўйича беллашувлар 18-25 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.