Янгиликлар 2017 йил
12.09.2017 17:14:00

Велоспортчиларимиз Россиядаги турнирда совриндорлар сафидан жой олишди

Велоспортчиларимиз Россиядаги турнирда совриндорлар сафидан жой олишди
Яна саноқли кунлардан сўнг Туркманистон пойтахтида старт оладиган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 30 августдан 12 сентябрга қадар Россиянинг Омск шаҳрида велоспорт-трек бўйича ўқув-машғулот йиғинларини ўтказди. Йиғин доирасида спортчиларимиз россиялик ҳамкасблари билан ўзига ҳос турнирда ҳам иштирок этишди. 

Мазкур мусобақада ватанимиз шарафини терма жамоамиз аъзолари Сергей Медведев, Руслан Фёдоров, Екатерина Кнебелова, Ольга Жантуганова, Зокирхўжа Ихсанов, Шомансур Абдуманнопов, Андрей Измайлов, Семен Севастьянов, Рената Байметова, Алла Безуглова, Нафосат Қозиева хамда Диана Адельшинова ҳимоя қилишди. Аёллар ўртасида спринт, кейрин йўналиши бўйича ҳамюртимиз Ольга Жантуганова фахрли 3-ўринни эгаллаган бўлса, Екатерина Кнебелова кейринда 2-ўринни қўлга киритди. 

Шунингдек, аёллар ўртасида ўтказилган жамоавий пойгада баллар ҳисобида Рената Байметова 3-ўринни эгаллади. Эркаклар ўртасида ўтказилган жамоавий пойгада эса Руслан Фёдоров кумуш медаль соҳиби бўлди. Аёллар ўртасида ўтказилган жамоавий пойгада терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Нафосат Қозиева кучли ўнликдан жой олди. Гит йўналиши бўйича ўтказилган пойгада эса Ольга Жантуганова 2-ўринга сазовор бўлди. 

Мазкур ўқув-машғулот йиғинлари спортчиларимизга Ашхободда бўлиб ўтадиган нуфузли мусобақа олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб берди.