Янгиликлар 2017 йил
11.09.2017 19:12:00

ХОҚнинг “Олимпия бирдамлиги” дастури асосида ташкил этилган ўқув-техник семинари якунланди

Хабар бериб ўтганимиздек, 6 кун давомида Тошкентда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) ва Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси ҳамкорлигида спортнинг ушбу тури мураббийлари учун ўқув-техник семинари бўлиб ўтди. Мазкур семинар Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ)нинг “Олимпия бирдамлиги” дастури асосида ташкил этилди. 


Семинарни олиб бориш учун Ҳиндистон ва Норвегиялик халқаро экспертлар Сонал Рамендра ва Лейф Стейнар Ролландлар таклиф этилишганди. Семинар дастури замонавий босқичда юқори тоифадаги спортчиларни тайёрлаш масаласида назарий машғулотлар билан биргаликда, мураббийларнинг профессионал малакасини халқаро талаблар даражасида ошириш масалаларини ҳам қамраб олганди. 


Бугун семинарнинг сўнгги кунида тингловчилар олган билимлари асосида имтиҳон топширишди ва шундан сўнг уларга сертификатлар топширилди. 


Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган семинарнинг ёпилиш маросимида Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов ва Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси Бош котиби Жалолиддин Атабуллаев, шунингдек халқаро ўқ отиш спорти федерацияси экспертлари Сонал Рамендра ва Лейф Стейнар Ролланд, спортчилар, мураббийлар ва оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этишди. 


Ўз навбатида Ойбек Касимов сўз олиб, аввало барчани семинарнинг муваффақиятли ўтганлиги билан қутлади. Халқаро экспертларга эса миннатдорчилик изхор қилиб, уларнинг ҳар иккаласига Миллий олимпия қўмитаси номидан эсдалик совғаларини топширди.  


Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси Бош котиби Жалолиддин Атабуллаев, спортнинг ушбу тури бўйича мамлакат терма жамоаси бош мураббийи Наталья Ефимова ва спорт фахрийси Ҳуррам Азизовлар ушбу ўқув-техник семинарни юқори савияда ташкил этиб берган Миллий олимпия қўмитаси раҳбарларига миннатдорчилик изҳор қилишди. 


Шундан сўнг, семинарда иштирок этган 39 нафар тингловчига махсус сертификатлар топширилди. Таъкидлаш лозимки, мазкур семинарнинг ўтказилиши мамлакатимизда ўқ отиш спортининг жадал суратлар билан ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. 


Маълумот учун, Миллий олимпия қўмитаси 1997 йилдан бери спорт кадрлари малакасини ошириш йўлида шу каби семинарларни ўтказиб келмоқда. Ортда қолган давр мобайнида МОҚ Халқаро олимпия қўмитаси ёрдамида бадиий ва спорт гимнастикаси, қиличбозлик, баскетбол, спорт курашлари, таэквондо, дзюдо, енгил атлетика, сузиш, волейбол, от спорти, фигурали учиш ва бошқа спорт турлари мутахассислари учун 40 дан зиёд ўқув курслари ташкил этди.